ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Ўзбекистонда жорий йилдан бошлаб маҳаллий амалдорларни ахлоқий хулқ қоидаларига ўргатиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилади, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.
Хабарга кўра, 2017 йилнинг 1 июлига қадар Ўзбекистондаги барча вазирлик ва муассасалар ўз ходимлари орасида ахлоқий хулқ талаб ва нормалари хабардорлигини ошириш бўйича ҳаракат режаларини ишлаб чиқишлари лозим.
Ўзбекистон Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги ва Меҳнат вазирлиги эса 2018 йилнинг биринчи ярмига қадар амалдорлар ахлоқ қоидаларига қанчалик риоя этишаётгани борасида мониторинг ўтказилишини таъминлаши керак бўлади.
Эслатиб ўтамиз, ўзбек амалдорларининг қўполлиги ва уларнинг аҳоли билан ишлашга ноқобиллиги Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонасида энг кўп қайд этилган муаммолардан бири бўлган эди. Халқ президентга амалдорлар ҳузуридаги чеки йўқ навбатлар, порахўрлик, муаммолар ечимининг чўзилиб кетиши ва амалдорларнинг қўполлигидан шикоят қилган.
Айнан мана шу сабаблар туфайли 2017 йил Ўзбекистонда халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинган эди.