ТОШКЕНТ, 19 дек – Sputnik. Ўтган ҳафтада бирданига тўрт – Тошкент, Сирдарё, Сурхондарё, Бухоро вилоятлари ҳокимлари вазифасидан озод этилиб, уларнинг ўрнига янги ҳокимлар иш бошлади. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ҳокимларнинг алмашинуви сабабини маълум қилди.
"2 кунда 4 та вилоят ҳокими ишдан олинди ва виртуал қабулхонадан келаётган мурожаатлар билан ишлаш ҳолати уларнинг энг асосий камчиликларидан бири сифатида таъкидланди!", — дейилади саҳифада.
Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарлигини қабул қилганидан кейин виртуал қабулхона очган эди. Маълумотларга кўра, виртуал қабулхона фаолият бошлаганидан сўнг 2 ой ўтиб, яъни 25 сентябрдан 30 ноябрга қадар порталга 220 мингдан зиёд мурожаат келиб тушди. Аксарият мурожаатларда кўрсатилган муаммолар тез вақт ичида самарали ҳал қилинди.
Шундан сўнг Мирзиёев барча шаҳар ва туманларда "халқ қабулхоналари" очишни, барча раҳбарлардан "халққа яқинроқ бўлиб, халқ дардига қулоқ тутишни" талаб қилди. Шунингдек, Ўзбекистонда "Давлат хизмати тўғрисида" қонун ишлаб чиқарилмоқда, унга кўра, ўз вазифасига лаёқатли бўлмаган амалдорлар маъмурий ва жиноий жазога тортилиши мумкин. Янги йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилиниши ҳам ушбу йўналишда ҳали кўп яхши ишлар қилинишидан дарак беради.