Тошкентнинг 10 туманида 10тадан замонавий кўп қаватли уйлар қурилади

© Sputnik / Александр Кряжев / Медиабанкка ўтишҚурилиш
Қурилиш - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Сергели туманида 2016-2017 йиллар режасига асосан 4284 хонадондан иборат 102 замонавий кўп қаватли уй-жой қуриш ишлари амалга оширилмоқда

ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни Сергели туманида бунёд этилаётган замонавий кўп қаватли уй-жойлар билан танишди. Бу ҳақда "Кун.уз" хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, Сергели туманида 2016-2017 йиллар режасига асосан 4284 хонадондан иборат 102 замонавий кўп қаватли уй-жой қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур йирик лойиҳа оилаларнинг турар жойга бўлган эҳтиёжини қондириш имконини яратади. Эътиборлиси, уйлар оилаларга имтиёзли ипотека кредити орқали берилади.

Эскиз станции на новой линии метро в Ташкенте - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев: Сергелидаги метро лойиҳаси Ўзбекистонда ягона

Мустақилликнинг 26 йиллиги арафасида ушбу уй-жойнинг 66тасини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Шунингдек, таълим муассасалари, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам барпо этилади.

"Асосий мақсадимиз одамларга қулайлик яратиш, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш. Мазкур уй-жойлар тақсимотида адолат мезонига қатъий риоя этилиши керак. Шунда халқимизнинг кайфияти яхши, ҳаётдан рози бўлади. Эртанги кунга ишончи ортади. Аҳолининг эҳтиёжи, талабидан келиб чиқиб бундай уйларни Тошкент шаҳрининг 10 туманида 10 тадан қуришни режалаштирмоқдамиз", деди Мирзиёев.

Президент мутасадди раҳбарлар ва мутахассисларга мазкур иншоотларни бугунги кун талабларига тўла жавоб берадиган пухта лойиҳалар асосида қуриш, уларни энг замонавий инфратузилмалар билан таъминлаш бўйича зарур тавсиялар берди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, бугун Ўзбекистон президенти Тошкент шаҳридаги қатор қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Янгиликлар лентаси
0