ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Бу ҳақда uz24.uz хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, давлат раҳбари пойтахтнинг Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган жойда қурилаётган йўл ўтказгич билан танишди.
Умумий узунлиги 900, баландлиги 6, кенглиги 24 метр бўлган 6 полосали мазкур йўл ўтказгич нафақат ҳайдовчилар ва пиёдаларга, балки шу ерда яшаётган аҳолига ҳам бир қанча қулайликлар яратади.
Кўприкнинг икки томонида пиёдалар учун умумий узунлиги 131,6 метр бўлган иккита ер усти ўтиш йўлаги ҳам барпо этилмоқда. Ёғин-сочинли кунларда ҳимояланиш мосламалари ўрнатишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Президент қурилишнинг бориши билан танишиб, қурувчиларга ишнинг тез ва сифатли бажарилиши юзасидан тегишли тавсиялар берди.
Кўприк Наврўз байрами арафасида ишга туширилиши мўлжалланмоқда.