ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси, "Камолот" Ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши ва бошқа қатор вазирлик ҳамда ташкилотлар ушбу ҳарбий-ватанпарварлик танлови ташкилотчилари ҳисобланишади, деб хабар беради Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Мусобақалардан мақсад ёшларни Ватанга муҳаббат, ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, ҳарбий ватанпарварлик ғояларини тарғиб этиш, уларни чегара хизматига босқичма-босқич тайёрлашдир.
"Мусобақалар февраль ойидан бошланади — дастлаб туман босқичлари, сўнгра шаҳар ва вилоят босқичлари бўлиб ўтади. Ушбу босқичлардан ўтганлар май ойида Чирчиқ шаҳрида ўтадиган якуний босқичда иштирок этадилар. Ушбу ҳарбий-спорт тадбирида нафақат ўғил болалар, балки қизлар ҳам қатнашадилар", — деди Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси вакили.
Унинг айтишича, ёшлар автоматни қисмларга бўлиш ва йиғиш, сафга тайёр бўлиш ва ҳарбий қўшиқлар ижро этиш бўйича синовдан ўтадилар. Бундан ташқари, ўқувчи ёшлар югуриш, турникда тортилиш, граната отиш, мерганлик ҳамда биринчи президент Ислом Каримов асарлари каби йўналишларда ўз куч ва билимларини намойиш этадилар.
Ёшларни ҳам жисмонан, ҳам руҳан тоблайдиган синовлардан сўнг учта энг яхши жамоа номи аниқланади. Ғолибларга компьютер, телевизор, уяли телефон каби қимматбаҳо совғалар берилади. Мусобақалар иштирокчиларига шунингдек, медал ва дипломлар топширилади.
Қайд этиш жоиз, "Ёш чегарачилар" беллашувлари 2011 йилдан буён ташкил этиб келинади. Ўтган йиллар давомида беллашувларда мамлакатнинг чегараолди ҳудудларида жойлашган лицей ва коллежларнинг 17,3 мингга яқин ўқувчилари иштирок этишди. Ўтган йили мусобақаларнинг расмий байроғи таъсис этилди.