ТОШКЕНТ, 31 янв — Sputnik. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Ҳудойбердиев facebookдаги "Маслаҳат" гуруҳида бу ҳақда маълум қилган.
"Хабарларга кўра, келгусида олий таълим муассасаларининг барча талабаларига семестрни қандай баҳога якунлашидан қатъи назар, бир хил миқдорда стипендия тайинланиши тўғрисида ўзгариш киритилиши мумкин.
Бу қарор баҳо ортидан қувиш, яхши баҳо олиш учун моддий манфаат ва таъмагирликларнинг олдини олишга озми-кўпми хизмат қилиши шубҳасиз", деб ёзган Хушнудбек ўз саҳифасида.
Мазкур қабул қилиниши мумкин бўлган қарор юзасидан интернет фойдаланувчиларининг фикри иккига бўлинмоқда.
"Аҳмоқона қарор", дея унга эътироз билдирган Шурзод Муталов.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Ўктам Ўринтаевнинг фикрича эса, "агар барча талабаларга бир хил миқдорда стипендия тайинланса, ўқишга бўлган интилиши тушиб кетади. Ҳаммага бемалол бўлиб қолади".
"Ўқидинг нимаю, ўқимадинг нима, бир хил стипендия олсанг, тўғри қарор эмас", — дея Уринтаев билдирган фикрни маъқуллаган Азамат Қаршиев.
"Контрактни ҳам бекор қилишса яхши бўларди", — дея таклиф киритган Камол никли фойдаланувчи.
"Ўқийдиганларга қийин бўлади ўқимайдиганлар юраверади 2-видемостни бўйлаб барибир шу стипендия деб", — деб ёзган Саидали Ахтамов.
Сардор Қодиралиевич исмли фойдаланувчи эса стипендиялар йўқ қилинса яхши бўларди, деган фикрни илгари сурган.
"Таълим тизимини ислоҳ қилиш бу жуда нозик масала. Бу қарорни кўриб чиқаётганлар ҳам, албатта, ҳар томонлама фикр юритишларига ишонаман. Чет эл тажрибасидан келиб чиқадиган бўлсак, умуман стипендияни йўқ қилишса яхши бўларди", — деб ёзган Сардор.
Хуллас, ҳамма ҳар хил фикр билдиришда давом этмоқда. Мақола муаллифи янгилик расман қабул қилиниши билан бу ҳақда хабар қилишини айтган. Спутник Ўзбекистон ҳам албатта бу янгилик тақдирини кузатиб боради.