Диплом чўнтакда, келажак қўлда, хаёлда нима?! - Ўзбек талабалари ҳаётидан репортаж

Oбуна бўлиш
Жамият умиди, давлат ишончи, инсониятнинг оқил, доно ва билимдон табақаси – талабалар ҳақида фикрлар

ТОШКЕНТ, 17 ноя – Sputnik, Дилшода Раҳматова. Инсоният келажаги, ҳақида сўз кетганда сўз айнан талабалар хусусида боради. Бежизга эмас. Эртанинг эгалари, инсониятнинг қай йўлдан кетиши, қандай ютуқларга эришиши айнан уларга боғлиқ ва уларгина инсониятни қайгадир бошлаб боради. Ахир улар жамиятнинг энг оқил, доно қисми.

Дунёдаги жамики талабалар эса, шу жумладан Ўзбекистон талабалаи ҳам 17-ноябр куни китоб, имтиҳон, "зачёт", "шпаргалка" деган "бош оғриқ"ларни унутиб – хуррамликка берилиш каби қонуний ҳуқуқга эга бўладилар.

Аксарият олийгоҳларда ушбу кунда ҚВЗлар саҳналаштирилиб, энг кўп балл билан ўқишга кирган талабага рамзий "студенческий" топширилади. Спутник Ўзбекистон ўзбекистонлик бир гуруҳ талабалар билан боғланиб, уларнинг талабалик даври, замонавий гаджетларга муносабатлари, муаммолари ҳамда мақсад-интилишлари ҳақида қизиқиб кўрди.

Талаба бўлган кунингизни қандай хотирлайсиз?

Карим, 26 ёш: Талаба бўлган куним – мен учун келажагим аниқлашган. Бу менга бир имконият тарзида берилганини ва шу билан бирга яна бир поғонага юқорилаганимни ҳис қилганман.

Нозима, 25 ёш: Аввал бир ҳафтагача ишонмаганман ва, албатта, шундай бахтга муяссар бўлганимдан мағрурланганман. Лекин, айтиш керак-ки, аста-секин ҳаммаси оддий бир ҳолатга айланган.

© StevebidmeadСМС ўқиётган талабалар
СМС ўқиётган талабалар - Sputnik Ўзбекистон
СМС ўқиётган талабалар

Икром, 23 ёш: Талаба бўлганимда, худди бир йил олдин "йиқилганимда" каби йиғлаганман. Буни тан олишдан уялмайман!

Айфон 7 – талаба йўлдоши

Талабалар билан суҳбатлашар эканмиз, бугунги кунда замонавий гаджетлар талабалар ҳаётидан мустаҳкам ўрин олганини билиб олдик. Талабалар "оч халқ"лиги ҳақида латифалар кўплигига чув тушманг, сабаби, "Айфон 7"дан фойдаланувчиларнинг асосий қатлами айнан талабалар эканлигини тасдиқлаганлар топилди.

© AFP 2023 / ROSLAN RAHMANАйфон 7
Старт продаж iPhone 7 в Сингапуре - Sputnik Ўзбекистон
Айфон 7

Содиқ, 23 ёш: Замонавий гаджетлар талабалар учун худди — балиққа сув керакдек зарур. Нега дейсизми? Чунки, телефондан фойдаланмасак, яхши баҳо йўқ. (Телефон ўқишга киришимда ҳам ааанча ёрдам берган, дея бизга ўз сири билан бўлишди суҳбатдош). Масалан, айрим Навоий ва Президент стипендиатларидан телефонларини олиб қўйиб, имтиҳон олинг, гапларим тўғрилигига амин бўласиз!

Малика, 24 ёш: Замонавий гаджетларсиз яшаш қийин. Чунки ҳозир электрон ҳукумат деган нарса бор, қолаверса, гаджетлар – бу жаҳон тажрибасидан ўтган!

Сирож, 22 ёш: "Айфон 7" ишлатадиган талабалар ҳам оз эмас. Олийгоҳга ўз машинасида келиб-кетадиган талабалар ҳам кўпчиликни ташкил этади (машҳур қизиқчимизнинг "автобуслар — домлалар учун" деган гапи ёдимга тушиб кетди шу ерда, муаллиф)

Муаллифдан: Талаба, дейилганда авваламбор ўқимишли инсон тушунилади. Чунки, у кўп ўқиган. Кейинги пайтларда биляпмизки, айнан ўқиш инсондаги маънавий қашшоқликни бартараф этади. Телевизор кўриш, радио эшитиш, ҳатто интернет ковлаштириш ҳам ўқишнинг ўрнини босмайди.  Уларда томоша ва кўнгилочарлик унсурлари устун бўлгани сабабли онг қатламларига сингиб кетмайди. Инсон уларни жиддий қабул қилмайди. Шунинг учун телевизор томошасига берилганларда фикр кенг бўлмайди. Китоб эса айнан кўнгилга бориб етиши билан фикрлаш доирасини кенгайтиради. У ўзингни ва бошқаларни янада яхшироқ, кенгроқ, батафсилроқ тушунишда ёрдам беради.

Ёшлар Халқаро саммити - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев ёшлар сиёсати тўғрисидаги қонунга имзо чекди
Шу сабабли техник тараққиёт намуналари – бир пайтлар талаба бўлган инсонлар томонидан яратилган қулайликлар, имкониятлар бугун айнан талабаларгага салбий таъсир кўрсатаётгани ҳам сир эмас. Бу уларни фикрлашдан чеклаб қўймоқда. Эрталаблари метрога тушинг, автобусларга чиқинг – сон-саноқсиз талабалар қулоқларига "наушникларини" тиқиб, ниманидир тинглаб кетаётган бўлади. Албатта, домлаларнинг маърузаларини бўлмаса керак. Қўшиқ тинглашади-да, ёки ўйин ўйнашади. Шунда "булар қачон фикр қилади?", деган ўй келади хаёлга. Фикрлаш учун инсон ўзи билан ўзи ёлғиз қолиши керак. Фикрсиз ғоя бўлмайди, ғоясиз эса ихтиро, ихтиросиз — тараққиёт бўлмайди.
Албатта ҳозир нафақат талабалар, балки аксарият ёшлар ҳам шундай – кам фикрлайди. Бироқ бошқалардан фарқли ўлароқ, талабалар эртага одамларни, жамиятни, давлатни бошқаради. Жамиятнинг етакчилари бўлади. Уларнинг унча-мунча хато ва камчиликлари, эътиборсизликлари, фикрсизлиги кечирилиши менимча, мумкин эмас.

Талабаларнинг асосий муаммоси нима

"Сизни қийнайдиган асосий муаммо?" деган саволга “контрак тўлови”, ижара ҳақи (айниқса, Тошкентда таҳсил оладиган талабалар учун бу катта муаммо экан) деган жавоблар кўпроқ тилга олинди… Аммо бошқа муаммолар ҳақида ҳам оғиз очганлар топилди.

Шокир, 26 ёш: Муаммолардан бири – дарсларда замонавий технологиялардан деярли фойдаланилмайди…

Наргиза, 25 ёш: Талабалар ҳар хил ва уларнинг муаммоси ҳам турлича. Мен хориж тиллари университетида таҳсил олганим учун, ўзим ўрганаётган тил ташувчиси бўлган давлатда бўлишни орзу қиламан. Ахир тил ўрганишда ўша давлат билан шахсан таниш бўлиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аммо, афсуски, ҳозирча бунинг имкони йўқ. Олийгоҳ ўз талабаларини гуруҳ-гуруҳ қилиб чет эл сафарига жўнатиши (ўзининг пулига бўлса ҳам майли) энг муҳим масала бўлиб қолаверади, менимча.

 

Муқаддас, 24 ёш: Талабалар олдида турган муаммолардан бири – фанлар бўйича адабиётларнинг аниқ тақсимланмагани. Мисол учун, инглиз тили бўйича якдиллик йўқ – ўқитувчилар ҳар хил китоблардан дарс беради, ўзларининг ёқтиришларига қараб. Фақат шарқ тилларидагина аниқ дарсликлар бор, ғарб тилларида бундай эмас.

Фозил, 26 ёш: Талабаларни бутун ўқиш даври давомида қийнайдиган асосий муаммо – бу битиргандан кейин ишга жойлашиш муаммоси бўлса керак.

Баҳром, 25 ёш: Талабанинг энг катта муаммоси — овқат пишириш. Эсимда, биринчи курсга қабул қилинганимдан кейин ётоқхонадан жой беришди. Бир хонада тўрт киши яшардик. Ҳамма эндигина мактабни битирган, уйида яшаган болалар ҳеч ким овқат пиширишни билмайди. Сал-пал қўлдан келадигани тухум билан картошкани қўшиб қовуриш…

© AFP 2023 / KHALED DESOUKIОвқат
Овқат - Sputnik Ўзбекистон
Овқат

 

Бир кун тухум-картошка, иккинчи кун тухум-картошка, учинчи кун тухум-картошка, ҳаммамизга ёқадиган овқат бўлсада,  бир ҳафтада жонгаям тегди. Тўрт киши навбатма-навбат овқат пиширар эдик. Овқат пишириш кимнинг навбати бўлса ўшанинг боши эрталабдан қотган. Нима пиширсам экан деган савол билан. Хонада фақат, картошка пиёз, макарон бўлса, ўзинг овқат пиширишни билмасанг, нима ҳам пишириш мумкин?

Баъзан, хонадошларга мурожаат қилиб, нима пишириб берай, болаларим, деган саволга, ҳамма бир овоздан – манти, — деб жавоб берарди…

Яхшиям ётоқхонада биз билан бир этажда яшайдиган Ойниса опа, бор эди. Ўша киши бир-икки ой давомида бизга мастава,  мошкичири, турли хил гўштли ва гўштсиз шўрвалар, катошка билан нон буғлаш каби талабабоп овқатлар пиширишни ўргатди.

Талабалик давридаги қизиқарли воқеалар

Дилшод, 32 ёш: Университетда жаҳон адабиёти фанидан ўқитувчи муаллимамизни синов (зачёт)топшириш учун роса орқасидан югуриб юрганим эсимда. Қачон кафедрасига борсам “ҳозир вақтим йўқ”, “дарсга кириб кетяпман”, “эртага келинг” деб қайтариб юборарди.

Нақд бир ҳафта шундай баҳоналар билан ортга қайтарди. Бир куни яна олдига борсам, “тушликка кетяпман, кейинроқ келинг” деди. “Хўп, бирга борамиз унда тушликка” дедим ва у билан ошхонага бирга бордик. Ўзига овқат олгач, “йўқ” деганига қарамай пулини мен тўлаб қўйдим ва бирга овқатландик. Овқатланиб бўлгач, “юринг хонамга” деди. Хонага киргач “тўртга розимисиз” деб сўради ва синов дафтарчамга баҳо қўйиб берди.

© Sputnik / Sputnik / Виталий Аньков / Медиабанкка ўтишДомла "зачёткага" баҳо қўймоқда
Домла зачёткага баҳо қўймоқда - Sputnik Ўзбекистон
Домла "зачёткага" баҳо қўймоқда

Муаллифдан: Аниқ фанлардан таълим оладиган талабалар бир фикрни кўп такрорлайди: ҳатто Эйнштейн ҳам мактабда "уч"га ўқиган, биз ҳам шунчалик бўлармиз!

Қуйидаги латифани эшитган бўлсангиз керак:

— Имтиҳон бу икки ақллининг ўзаро суҳбати, — дейди талаба.

— Агар шу икковнинг бири аҳмоқ бўлса-чи? – истеҳзо қилади домла.

— Унда уларнинг ақллиси стипендиясиз қолади, — дейди талаба…

Бир пайтлар "йигитнинг баҳоси", деган гаплар ҳам бўларди. Ўша "уч"да бу. Гўёки, йигит киши шундан ортиғига номуносиб. Ҳозир ўша "уч"лар йўқ бўлиб  кетган. Энди талабалар юзгача баллар олиши мумкин. Яқинда ўқимаган бир киши айтиб қолди: бир пайтлар биз зўрға "беш" олардик, мана ўғлим "эллик" олиб келяпти. Ана, ёшлар қанчалар ақлли бўп кетган!

Кўпинча имтиҳонга олиб кириш учун шпаргалкалар ёзилади, аллақандай «х» вариантларни харид қилинади, қўл телефони ва яна алламбалолардан фойдаланмоқчи бўлишади. Имтиҳонни осон топшириш йўли бор – ҳамма билимни каллага жойлаб олиш керак, тамом, вассалом. Уни имтиҳонга киришдан бурун ҳеч ким тортиб олиб қўёлмайди. Қолаверса, бу билим бир умр йўлдош бўлади.

Университет талабалари - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон ОТМларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони 663 мингдан ошиб кетди
Бу йил олий ўқув юртларига мисли кўрилмаган даражада абитуриент ҳужжат топширди. Бу халқда кириш имтиҳонларига ишончнинг ошиб бораётгани, адолат таъминланаётганининг бир белгиси. Лекин айрим ўқув юртларининг кириш балларини кўриб капалагинг учади. Умумий ҳисобда, "2" га топширганлар ҳам талаба бўлиб турибди-да. Булар энди, ҳар бир ўринга ўртача 10-15 тадан абитуриент тўғри келган бир вазиятда шундай. Демак, булар энг билимлилар… Шоир "бошга лойиқ дўппи қолмадими, дўппига лойиқ бош" дегандай, ё аниқ фанларнинг саволлари шунчалар мураккаб, ёки абитуриентлар ҳаминқадар…

Талабалик орзулари

Бегзод, 24 ёш: Етук иқтисодчи бўлиб Ўзбекистонда, рақобатни ривожлантириш

—  Мен, Иқтисодчиман, институтни битириб, ўз соҳам бўйича яхши мутахассис бўлиб Ўзбекистонга фойдам тегишини хохлайман. Орзуим – Иқтисодиёт вазирлигида ишлаб, Ўзбекистон учун унумли ва самарадор иқтисодий дастурлар ишлаб чиқиш. Менинг фикримча, Ўзбекистонда иқтисодни самарали ривожлантириш учун, биринчи навбатда адолатли рақотбат ташкил қилиш керак. Бу иқтисоднинг мутлақ барча соҳаларига таалуқли. Ҳозир давлат қишлоқ хўжалигигаям, енгил ва оғир саноат соҳаларигаям жиддий аралашиб ёрдам кўрсатиб келмоқда. Бошланғич босқичларда бу албатта керакли, лекин кейинчалик иқтисодиётнинг ўзи мустақил ривожланиши, давлат эса соҳаларни назорат қилиб туриши керак.

Ўзбек-корейс тўқимачилик технопарки - Sputnik Ўзбекистон
ОАВ: Ўзбекистон иқтисодий ўсиш бўйича жаҳон етакчилари қаторига кирди
Мисол учун дунёнинг энг ривожланган АҚШ иқтисодиётига назар солсак. У ерда ҳар бир соҳада ўта ривожланган икки ёки ундан ортиқ корхона бор. Улар доимий равишда бир-бири билан рақобат қилиб, ўз маҳсулотини илимий-техник, нарх-наво, экологик тозалик томонидан олдинга суриб келмоқда. Давлатнинг асосий вазифаси эса – ҳеч бир соҳанинг монополиялашиб кетишига йўл қўймасдан, кучли корхоналар орасида рақобатни таъминлаб туриш. 

АҚШнинг Intel компанияси компьютер процессорларини ишлаб чиқаришни бошлаган ягона корхона эди. Лекин АҚШ Монополияга қарши қўмитаси, соҳа фақат бир компания ихтиёрида қолмаслиги учун,  процессорлар ишлаб чиқришга илк қадамларини қўяётган AMD компанияси кучли ёрдам кўрсата бошлади: давлат субсидиялари ва қўшимча имтиёзлар ва ҳоказо. Натижада, бугунги кунда ушбу икки компания бир-бири билан рақобат қилган ҳолда процессор ишлаб чиқариш соҳасини илдам қадамлар билан олға сурмоқда. АҚШ иқтисодиётида худди шундай вазиятни смартфонлар ишлаб чиқариш, автомобил саноати, енгил  саноат ва башқа турли соҳаларда кузатиш мумкин.

Биз ҳозир яшаётган бозор иқтисодиёти дунёда, фақат рақобат олдинга сурувчи куч бўлиб қолмоқда, давлатнинг асосий вазифаси эса – ҳар бир соҳада адолатли рақобатни таъминлаб туриш. Шунда иқтисод ҳам ривожланади, фуқаролар ҳам арзон ва сифатли маҳсулот ва хизматлар харид қилиш имкониятига эга бўлади.

Муаллифдан: Кейинги пайтларда "институтда ўқиш", дейилганда негадир фақат дипломгина кўзда тутилмоқда. Дипломнинг ўзиёқ кўп-кўп муаммоларни ҳал қилиб беради, деб ўйлаймиз. Чўнтакдаги диплом инсонни маданиятли, ўқимишли ва замонавий қилади, деган хом хаёлларга борамиз. Аслида ундаймас. Диплом ўз ҳолича ҳеч нимани ҳал этмайди. У — бир парча қоғоз, холос. Ортида инсоннинг онги, дунёқараши, билими, савияси бўлсагина у нимагадир қодир. Акс ҳолда сариқ чақачалик фойдаси йўқ. Унда нега биз дипломли кишиларни ҳурмат  қиламиз?

Чунки, дипломли кишиларда аниқ мақсад бўлади. Инсонки, би мақсад йўлида 4-6 йиллаб умрини сарфлаб, унга эришган экан, демак шунинг ўзиёқ уни ҳурмат қилишга арзийди. Ахир ҳамма ҳам шунча вақт давомида бир мақсад йўлида ҳаракат қилишга қурби етавермайди. Одамлар бор, ҳар ўн кунда мақсадини ўзгартириб туради.

Ҳаётда ўз ўрнини тополмай юрган кўпдан-кўп йигит-қизларни учратиш мумкин. Уларнинг аксарияти бунда кимнидир, ниманидир айблайди. Фақат бир ҳақиқатни тушунишмайди – жамиятда ўз ўрнини тополмаган инсон айбни ўзидан қидириши керак! "Аниқ мақсадга эга эмаслигимдан", деб билиши лозим.

Биламан, ёшлар Жобс, Гейтсларни тўсатдан бой бўлиб қолганига, Менделеев даврий жадвалини тушида кўрганига, Пушкин айрим шеърларини тушида ёзганига ишонади ва ўзида ҳам шундай бўлишини кутади. Интиқ кутади!

Бироқ кутиш керак эмас, ҳеч қачон бундай бўлмайди!

Ҳаёт ҳеч кимнинг ота-онаси эмас, унинг эркатойлари йўқ. Кимдир нимагадир эришаётган бўлса, демак у шунга муносиб, шунга ҳаракат қиляпти ва ютуқларни қўлга киритяпти. 

Талабалар ҳаётларидаги дастлабки муаммолар, қийинчиликларни босиб ўтган инсонлар. Нима бўлишидан қатъий назар улар биринчи қийинчиликларни енгиб ўтди. Аслида кириш имтиҳонларининг ўз нима? Уям ёшларнинг йўлига қўйилган бир тўсиқ. Ундан ўтганлар янги йўлдан олға илдамлайди.

Ота-оналар кўпинча фарзандларини танлаган йўлдан қайтармоқчи бўлади, уларни севганларига уйлантирмасликка, турмушга узатмасликка ҳаракат қилади. Бу шунчаки, ота-оналарнинг инжиқлиги, ҳаётни тушунмаслиги сабабли эмас. Улар шу билан ўз фарзандларининг иродасини, мақсадини синаб кўрмоқчи бўлади. Ахир катта ҳаёт ўта шафқатсиз…

Фарзанднинг унга тайёрлигини синаш ота-онанинг вазифаси.

Кириш имтиҳонлари ҳам шунга ўхшаш бир ҳолат. Бўлмаса, олий таълимни пулли қилиб хоҳлаган инсон келиб, ўқиб кетаверадиган қилиб қўйиш мумкин. Лекин унда ирода, мақсад, қатъийлик синови қайда қолади? Ёшлар жамият ва давлатни бошқариш учун қандай саралаб олинади?

Сўнг сўз

Фарғонадаги сайлов ва ёшлар форуми - Sputnik Ўзбекистон
Фарғонада "Сайлов ва ёшлар" форуми бўлиб ўтди
Мақсад, ирода, билим ва меъёрдаги қўрқув ҳисси бўлмаса, ўқиб, диплом олишнинг ҳам фойдаси йўқ. Шуларсиз, ўнта олий ўқув юртини тамомлаб ҳам ҳаётда ҳеч нимага эришиб бўлмайди. Инсон диплом олиш учун яшамайди, у мақсад эмас. Диплом инсоннинг мақсади йўлида собитлигини кўрсатувчи восита. 

Азиз талабалар, Спутник Ўзбекистон сизларга келгуси ўқишларингизда муваффақиятлар, сўнмас куч-ғайрат, илҳом, ёрқин хотиралар, енгил имтиҳонлар ва кўпдан-кўп қизиқ воқеаларни тилаб қолади! Сизнинг бугунги байрамингиз суперқизиқ кечиши тилакдошимиз! Ўзбекистонга   керакли кадр бўлиб етишиш учун ўқишдан толманг! Ҳаммаси ўз қўлингизда! Олға!!!

Янгиликлар лентаси
0