ТОШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. Тошкентда шаҳар фавқулодда вазиятларда бошқарув марказини қуриш режалаштирилмоқда. Ҳукуматнинг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида жойлаштирилди.
Марказ Тошкентдаги барча навбатчи-диспетчерлик хизматларининг юқори органи ҳамда фавқулодда вазиятларда ўзаро ҳамкорлик масалаларини мувофиқлаштирувчи бўғини бўлади. Марказ "112" ягона рақами орқали аҳоли мурожаатлари қабул қилинишини таъминлайди. Марказ ташкил этилиши баробарида ҳозирда мавжуд бўлган фавқулодда хизматлар рақамлари ҳам ишлашда давом этади.
Ҳужжатга кўра, шу йилнинг 1 апрелига қадар фавқулодда вазиятлар вазирлиги ички ишлар, соғлиқни сақлаш, ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирликлари, Тошкент шаҳар ҳокимияти ва манфаатдор вазирлик ҳамда муассасалар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятларда бошқарув маркази низомини ишлаб чиқиши ва уни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиши лозим.
Марказнинг бошланғич лойиҳаси биринчи майгача ишга туширилиши мўлжалланган.
Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда аҳолига фавқулодда вазиятларда маълумотлар тақдим этиш учун FM диапазонида алоҳида радиоканал ташкил этиш масаласи ҳал қилиниши лозим.