ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Мустақилликнинг йилларида Ўзбекистонда амалга оширилган кўплаб иқтисодий, ижтимоий ва маданий ислоҳотлар қаторида фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва уларни бартараф қилиш бўйича ҳам кўплаб ишлар қилинди, ФВ вазири Турсинхан Худайбергенов баёноти асосида
Бугунги кунда бутун ер юзида кузатилаётган глобал иқлим ўзгаришлари, инсониятнинг табиатга салбий таъсири оқибатида кўплаб муаммо ва офатлар юзага келмоқда. Улар орсида беқарор эпидемиологик вазиятлар, сув тошқинлари, турли хил оммавий заҳарланиш, нефт ва кимёвий маҳсулотлар транспорти ҳалокати оқибатлари ва бошқалар.
БМТ баёнотига кўра охирги 20 йил ичида турли фавқулодда вазиятлар, табиий ва техноген офатлар туфайли 600 мингдан зиёд киши қурбон бўлган ва 4 млрддан ортиқ киши бошпанасиз қолган.
Ўзбекистонда Мустақиллик йилларида фуқароларни табиий ва бошқа офатлардан сақлаш борасида ҳам кўплаб самарали лойиҳалар амалга оширилди. Бу борада дастлабки қадам – 1996 йилнинг 4 мартида Ўзбекистон президенти қарорига биноан Фавқулодда Вазиятлар вазирлигининг ташкил қилиниши бўлиб, у ушбу соҳа ривожида янги саҳифани очди.
Ушбу давр мобайнида фуқаро муҳофазаси соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилди, жумладан, “Фуқаро муҳофазаси тўғрисида”ги, “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида”ги каби қатор қонунлар амалиётга татбиқ қилиниб, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш билан боғлиқ масалаларни, шунингдек, қутқарув хизматлари ҳамда қутқарувчилар фаолиятини тартибга соладиган зарур меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилди.
Соҳа мутахассисларининг моддий-техника таъминоти бутунлай янгиланиб, улар энг илғор қутқарув ускуналари “Holmatro”, “Scubapro” каби қутқарув ускуналари, ва махсус транспорт воситалари билан таъминланди. Фойдаланилаётган махсус тезкор авария-қутқарув транспортларининг қарийб 60 фоизи Самарқанд, Андижон ва Хоразмда ишлаб чиқарилган “Исузу”, “МАН”, “Дамас” автомобилларидан ташкил топган.
Мустақиллик йилларида мамлакатимиз қутқарув хизмати ҳам сон, ҳам сифат жиҳатдан мустаҳкамланди. Қутқарувчилар сафига малакали спортчилар, довюрак, шижоатли ёшлар жалб қилинди. Мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳисобига Тез ҳаракат қилиш республика кўп тармоқли маркази, Чирчиқ шаҳрида махсус қидирув-қутқарув қисми, "Қамчиқ" довони қидирув-қутарув отряди ташкил қилинди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги авария-қутқарув гуруҳлари кенгайтирилди. Барча бўлинмадаги шарт-шароит янгиланди. Кинология, сувда қутқариш хизматлари, республика ғаввослар мактаби очилди. Махсус ўқув миноралари ва спорт тренажёрлари яратилди.
Аҳоли ўртасида вужудга келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар таснифи, ана шундай вазиятларда тўғри ҳаракатланиш мавзуларида доимий ўқув-машғулотлар ўтказиб келинаётир. Охирги беш йилнинг ўзида вилоятларда 177 та қўмондонлик-штаб, республикамиздаги йирик иқтисодиёт объектларида 3 минг 200 дан ортиқ махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилди.
Бундан ташқари, ўтган йиллар мобайнида вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, “Ўзгидромет” маркази, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ходимлари билан ҳамкорликда республикамиздаги сув тошқинлари, сел оқимлари ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудлар ўрганиб чиқилди. Хавфли ҳудудлардаги вазиятни назорат қилиш мақсадида, республика бўйича назорат-кузатув постлари ташкил этилиб, улар зарур алоқа воситалари билан таъминланди. Шунинг баробарида, юртимиз ҳудудидан оқиб ўтувчи дарёларнинг заиф қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари ҳам изчил олиб борилди. Бунга Тошкент вилояти Оҳангарон тумани, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги Қорадарё, Наманган вилоятидаги Сирдарё ҳамда Норин дарёларининг, Сурхондарё вилоятининг Термиз порти қирғоқларида мустаҳкам ҳимоя дамбалари барпо қилинганини мисол сифатида келтириш мумкин.
Юқорида айтиб ўтилганидек, фуқаро муҳофазаси тизимининг ривожланиши натижасида кўплаб талофатларнинг олди олиниб, юзлаб инсонларни хавф-хатардан асрашга эришилмоқда. Бунинг далили сифатида 2012 йил 18-19 феврал кунлари Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида юз берган фавқулодда вазиятни йодга олайлик. Ўшанда кўп ёғингарчилик сабабли қир-адирликлардаги қорларнинг тез эриши оқибатида юзага келган сел оқими Қорасарой сойининг тошишига сабаб бўлиб, тумандаги Жума, Қоризқудуқ, Оқтош ва Ўрта қишлоқларининг сой бўйида жойлашган аҳоли уй-жойлари ва экин майдонларига жиддий зарар етказган эди. Муҳими, ўз вақтида кўрилган тезкор саъй-ҳаракатлар натижасида одамлар ҳаёти сақлаб қолинди.
2012 йилдан бери фавқулодда вазиятларни олдини олиш чораларини кўриш учун ҳукумат томонидан 130 миллиард сўм маблағ ажратилди. Мустақиллик йиллари давомида сел, кўчки ва бошқа хавфлар мавжум бўлган ҳудудлардан 100 000 нафар аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилиб, уларга замонавий хавфсиз уйлар қуриб берилди.
Маълумки, мамлакат иқтисодий юксалишини йўлларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. “Тошкент – Ўш” автомобил йўналишдаги “Қамчиқ” довони эса Буюк ипак йўлининг асосий “қон томир”ларидан бири саналади. Мазкур довон республикамизни хориж мамлакатлари билан боғлабгина қолмай, муҳим сиёсий-иқтисодий ва стратегик аҳамиятга ҳам эгадир.
Довонда қор кўчкилари, сел ва ўпирилиб тушиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар хавфи доимий мавжудлиги туфайли вазирлик томонидан фуқароларга зарур кўмак бериш мақсадида довоннинг энг баланд қисми (“Тошкент – Ўш” йўлининг 173 киломметри)да «Қамчиқ» қидирув-қутқарув отряди фаолияти йўлга қўйилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон қутқарувчилари ўз бурчларини нафақат мамлакат ичидаги фавқулодда ҳолатларда, балким глобал фавқулодда-қутқарув амалиётларида ҳам фаол қатнашиб келмоқда. Жумладан, Ўзбекистон қутқарувчилари Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон, Тожикистон, Қирғизистон, Эрон ва Хитой ҳудудларидаги қутқарув операциялари ва гуманитар ёрдам еткизиб бериш ишларида ҳам қатнашиб келмоқда. Муассасанинг 500га нафар ходими эришган улкан ютуқлари ва кўрсатган хизматлари учун турли орден ва медаллар билан тақдирланган.