ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати гиёҳвандликка қарши кураш бўлими ходимлари ўтказган тезкор тадбирлар натижасида Тожикистондан гиёҳванд моддалар олиб ўтилувчи иккита "канал"га тўсиқ қўйилди, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири МХХ матбуот хизматига таяниб.
Олинган тезкор маълумотларга қараганда, Тожикистон фуқароси Иброҳим Ҳайдаров йирик миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сотиш учун Ўзбекистонга олиб киришни режалаштирган. У бу мақсадда асли тожикистонлик, ҳозирда Ўзбекистон фуқароси Ҳакимхон Ғозиев билан жиноий тил бириктирган.
МХХ ходимлари Ҳайдаров тунда тожик-ўзбек чегарасидан ноқонуний ўтиб, гиёҳвандлик моддаларини Ғозиевга етказганини аниқлашди. Махсус операция натижасида уларнинг ҳар иккиси қўлга олинди. Ғозиевнинг Ургут туманидаги хонадони кўздан кечирилганда, ертўладан номаълум модда солинган ўнта ўрам топилган. Экспертиза текширувларида ўрамлардаги модда оғирлиги 10 килограммдан ортиқ қорадори эканлиги аниқланди.
Тожикистондан ўтувчи яна бир "канал" эса Тошкент вилоятида ўтказилган операция натижасида ёпилди.
"Пойтахт вилоятининг Бўка туманида яшовчи Соҳибназар Мансуров бошқарувидаги "Нексия" русумли автомобиль кўздан кечирилганда, машинада 12та брикет топилган ва олиб қўйилган. Уларда 11 килограмм 316 грамм афюн ва 2 килограмм гашиш бўлган", — дейилади Миллий хавфсизлик хизмати матбуот хизмати томонидан.
Қўшни республикадан келтирилган ажал юкини етказиш ташкилотчиси машинада бўлган яна бир шахс — илгари наркотик савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган, Бекобод туманида яшовчи Дилшод Пардабоев бўлган.
Мазкур ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тергов бўлинмалари томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят ишлари тергов қилинмоқда.