ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилганининг 25-йиллигига бағишланган тадбирда Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар ривожида янги босқич бошланганини эътироф этди.
Шундан сўнг у ҳозирги вақтда дунёнинг турли минтақаларида миллатлараро ва динлараро кескинлик кучайиб бораётгани, миллатчилик, диний муросасизлик бош кўтараётгани, бу иллатлар давлатни емириб, жамиятни парчалаб, радикал гуруҳ ва оқимлар учун мафкура базасига айланаётганини айтди.
Президентга кўра, ана шундай мураккаб вазиятда мамлакатда турли миллат ва динга мансуб инсонлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги муҳим аҳамият касб этади.
"Шу муносабат билан Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа кўплаб ташкилотлар ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш соҳасидаги ишларни янада кучайтириши зарур. Бу бугун барчамиз учун ҳаётий муҳим вазифадир", — деди Мирзиёев.
Президент сўзларига кўра, янада огоҳ ва сергак бўлиш, энг асосий бойлик бўлган — кўп миллатли халқ бирдамлиги ва жипслигини кўз қорачиғидек асраш ҳамда янада мустаҳкамлаш Ўзбекистонни ўз Ватани, деб биладиган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир.