ТОШКЕНТ, 23 янв — Sputnik. Лойиҳа ташкилотчиларининг фикрича, бу ёшларни ва кўпчилик фойдаланувчиларни вазирликнинг электрон хизматларидан фаолроқ фойдаланишга жалб этади, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
"Яратилган стикерларнинг аксарияти Меҳнат вазирлигининг мувофиқ келувчи хизматларини ифодалайжди. Масалан, "Ишдан ноқонуний бўшатишдими, 200-06-00 рақамига қўнғироқ қил" стикерида вазирликнинг Call-марказидаги ягона рақами ифодаланган бўлиб, мурожаат этувчи ўз меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун керакли маслаҳат ва кўмакни олиши мумкин", — деб маълум қилди вазирлик матбуот хизмати.
Энг талабгир стикерлар фойдаланувчилар эътиборини бўш иш ўринлари базасига қаратувчи "ish.mehnat.uz" ёки "Иш қидиряпман — таклифлар бор" стикерлари бўлса ажаб эмас. Бугунги кунда базада мунтазам равишда янгиланиб турадиган 60-70 минг бўш иш ўрни мавжуд. Фойдаланувчилар мазкур базадан вилоят, туман, шаҳар ва мутахассисликлар бўйича иш топишлари, тез орада эса ишга жойлашиш учун йўлланмани электрон шаклда олишлари мумкин бўлади.
Бундан ташқари, "ish.mehnat.uz"да резюме тайёрлаш, ишга жойлашиш учун суҳбатдан ўтиш бўйича маслаҳатлар, турли ҳужжатларни тўлдириш намуналари ҳам ўрин олган.
Яна бир қизиқ стикер — "Ойлик маошни ҳисоблагич". Ушбу хизмат ёрдамида фойдаланувчилар Ягона тариф сеткасига мувофиқ ойлик маош ҳақида маълумотга эга бўлишлари мумкин. Мазкур қулай калькулятор штат жадвалидаги тариф разряди киритилганида фойдаланувчининг ойлик маоши миқдорини ҳисоблаб беради.
"Менга меҳнат дафтарчаси керак" стикери ҳам эътибордан четда қолмайди, унда юридик шахсларнинг меҳнат дафтарчасига бўлган эҳтиёжини таъминлаш бўйича ахборот тизими ифодаланган. Мазкур тизим орқали юридик шахс шахсий кабинетига кириб меҳнат дафтарчаси олиш учун ариза бериши ҳамда мурожаатнинг бажарилиш жараёнини кузатиб бориши мумкин.
Булар ўзбекистонликларга тақдим этилаётган айрим стикерлар холос. Меҳнат вазирлигининг қайд этишича, стикерлар базаси (https://telegram.me/addstickers/uz_mehnat) ҳозирча ишланиш жараёнида ва янада такомиллашади. Уни такомиллаштиришда вазирлик томонидан эълон қилинган махсус танлов доирасида фойдаланувчилар ҳам иштирок этишлари мумкин.