ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Меҳнат вазирлигининг Фейсбук ижтимиой тармоғида эълон қилинган хабарга мувофиқ, юридик шахслар эндиликда меҳнат дафтарчаларига янги тизим орқали буюртма беришлари мумкин бўлади.
Юридик шахс хизматдан фойдаланиш учун Меҳнат вазирлигининг www.mehnat.uz расмий сайтидан бир маротаба рўйхатдан ўтиши лозим. Шахсий кабинетда юридик шахс меҳнат дафтарчасини олиш учун мурожаат йўллаши мумкин. Электрон мурожаат асосида ушбу мурожаатни меҳнат бўйича маҳаллий органлар ходимлари томонидан бажарилиши бўйича бизнес-жараёнлар ишга туширилади.
Яна бир янгилик юридик шахслар томонидан Миллий кадр порталидаги шахсий кабинет орқали бўш иш ўринлари бўйича маълумотларни бўш иш ўринлари Миллий базасига киритишлари билан боғлиқ. Қабул қилинган ҳисобот автоматлаштирилган режимда қабул қилиб олиниб, қайта ишланганидан сўнг, бўш иш ўрни ҳақидаги маълумот ish.mehnat.uz сайтида тақдим этилади.