ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Ўзбекистонда паспорт-виза, хорижга чиқиш ва кириш тизими борасида қатор ўзгаришлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Бу борадаги чора-тадбирлар нормaтив-ҳуқуқий актлар муҳокамаси порталида жойлаштирилган Ўзбекистон Президентининг "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармони лойиҳасида кўзда тутилган. Мутасадди муассасалар мазкур йўналишдаги таклифларни жорий йилнинг учинчи чорагида тақдим этишлари мўлжалланмоқда.
Лойиҳада ички ва хорижга чиқиш паспортларини бериш тартибини жорий қилган ҳолда хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) расмийлаштириш тартибини бекор қилиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, алоҳида асослар бўйича хорижга чиқиш ҳуқуқини суд томонидан чеклаш тартибини киритиш мўлжалланган.
Ҳужжатда маълумотларни қайта ишлаш бўйича замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, чегара назорати органларига йўловчилар хақида дастлабки маълумотларни тақдим этиш амалиётини, автоматлаштирилган паспорт назорати кабинасини, чегарани кесиб ўтаётганларни қидирувда бўлган шахслар фотобазаси билан солиштириш тизимини жорий этган ҳолда аэропорт ва темир йўл вокзалларида паспорт назорати тизимини соддалаштириш режалаштирилган.
Шунингдек, жисмоний шахслар учун божхона ҳудудига кириб келиш ва уни тарк этиш бўйича "яшил" ва "қизил" йўлак тизимини амалиётга татбиқ этиш мўлжалланмоқда.
Таъкидланишича, мазкур чораларни амалга ошириш хорижга чиқувчи фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини мустаҳкамлаш, чегара назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарасини ошириш, шунингдек туризм соҳасини ривожлантиришга хизмат қилади.