ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. 2017-йилнинг 17-январ куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Қирғизистон Республикасининг Тошкент шаҳридаги Элчихонасига ташриф буюрди, деб хабар қилган Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
"ТИВ раҳбари 2017-йил 16-январда Қирғизистонда кўплаб инсонларнинг, жумладан болаларнинг қурбон бўлишига сабаб бўлган "Боинг-747" юк самолётининг ҳалокатга учраши муносабати билан самимий ҳамдардлик билдирди ва Ҳамдардлик китобига қайд киритди", — дейилган хабарда.
Муваққат ишлар вакили Азамат Мамбеков Қирғизистон раҳбарияти ва халқи номидан Ўзбекистон томонига ҳамдардлик ва далда учун миннатдорчилик билдирган.