ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. Истанбулда 39 кишининг ўлимига сабаб бўлган Абдуқодир Машарипов қўқонлик бўлиб чиқди, деб хабар бермоқда nuz.uz сайти hilol.uz тарқатган хабарга таяниб.
Хабарда айтилишича, Машарипов террор гуруҳига аъзолиги туфайли Ўзбекистонда қидирувдаги шахслар рўйхатида бўлган.
Ўзбекистон хавфсизлик идораларидан бирининг вакили "Анадўли" мухбирига Абдуқодир Машариповнинг 6 йил аввал Ўзбекистонни тарк этгани ва Афғонистонга кетганини маълум қилган.
Шунингдек, Абдуқодир Машариповнинг Қўқон шаҳрида рўйхатда тургани маълум бўлди.
Абдуқодир Машарипов иши бўйича ўзбек ва турк хавфсизлик идоралари яқин алоқада экани билдирилди.
Тўрт хорижий тил биладиган ва Афғонистонда тайёргарликдан ўтган, лақаби Абу Муҳаммад Хуросоний бўлган Абдуқодир Машарипов Туркияга 2016 йилнинг январида ноқонуний йўллар билан келгани тахмин қилинмоқда, дейилади хабарда.
А. Машарипов Истанбулнинг Эсенюрт туманидаги уйлардан бирида ушланди. У яшаган уйда қурол-яроғ билан бирга 197 минг доллар ҳам топилгани айтилмоқда.