ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. Полиция Машариповни топиш мумкин бўлган бешта манзилни кўздан кечирди ва у ана шу манзиллардан биридан топилди, деб хабар бермоқда Sputnik Turkiye.
У яшаган хонадонда журналистларга рус алифбосининг туркча транскрипцияси битилган варақ кўрсатилди. Варақда шунингдек, рус тилида: "Хадижа, мен сени севаман", "Ахмед", "Дина" ва "Лове" сўзлари ҳам ёзилган.
Яна бир қоғоз парчасида эса турк тилида: "Дина, мен сени севаман" ва "Сен телбасан" деган сўзлар битилган.
Матбуот вакиллари хонадонда телевизор йўқлигига эътибор қаратишди. Хонадонда диванлар, иккита каравот, музлатгич, кир машинаси ва кичик жавон бор эди.
Уй ичида кўплаб бўшаган тухум қутилари, ёғ ва сув идишлари ётарди. Бундан эса маҳсулотлар кўчага камроқ чиқиш учун кўп миқдорда сотиб олинган деб хулоса қилиш мумкин.
Қўшниларнинг айтишларича, Машарипов сўнгги уч кун давомида кўчага чиқмаган, ҳарқалай уни ҳеч ким кўрмаган.
Полициянинг маълумот беришича, хонадонда у билан бирга тўрт ёшли ўғли ҳам яшаган. Айни пайтда бола турк ҳукумати ҳимоясида. Унинг бир ярим ёшли қизи онаси билан бўлиб, улар Истанбулнинг туманларидан бирида ҳибсга олинган.
Машарипов билан биргаликда ироқлик эркак ва Сенегал, Миср ва Сомалидан бўлган уч аёл ҳибсга олинган. Сенегаллик 27 ёшли аёлнинг исми Дина бўлиб, севги мактуби афтидан унга аталган.
Истанбулдаги Reina тунги клубига Янги йил оқшомида қуролли ҳужум уюштирилган. Калашников автомати билан қуролланган террорчи клубни қўриқлаётган полициячини отиб ўлдирган ва клубдаги одамларга қарата ўт очган. Туркия ИИВ маълумотларига мувофиқ, ушбу теракт оқибатида 39 киши ҳалок бўлган, 69 нафар шахс яраланган. Рейтер агентлиги "Ислом давлати" террорчилик уюшмаси ушбу теракт учун жавобгарликни ўз бўйнига олганлигини хабар қилган эди.