ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Ўзбекистон махсус хизматлари Истанбулда янги йил тунида террорчилик ҳаракатини содир этишда гумонланиб қўлга олинган шахс билан боғлиқ вазиятни ўрганишмоқда, ҳозирча Истанбулдан расмий маълумот келиб тушмади.
"Истанбулда қўлга олинган шахс борасидаги ҳолат мониторинг қилинмоқда, лекин айни пайтга қадар турк томонидан расмий ҳужжатлар келгани йўқ", — деди суҳбатдош. Унинг айтишича, қўлга олинган шахснинг фуқаролиги ҳақида гапиришга ҳали эрта.
Сал олдин Туркия Бош вазири Биноли Йилдирим Истанбулда террорчининг қўлга олингани ҳақида хабар қилган эди.
Истанбул губернатори Васип Шахин ўзбекистонлик Абдулқодир Машарипов ўз айбига иқрор бўлди, деб маълум қилди, дея хабар берди РИА Новости.
Шахиннинг айтишича, у 1983 йилда Ўзбекистонда туғилган, 4та тилни билади, Афғонистонда машғулот ўтаган, у — пухта тайёргарлик кўрган террорчи. Тахминан, 2016 йилнинг январида Туркияга кириб келган. Шундан сўнг, Истанбулга келиб, квартира ижарага олган, теракт содир этишдан олдин эса турар-жойини тез-тез ўзгартириб турган.
Унинг сўзларига кўра, Машарипов террорчилик уюшмалари билан алоқадор бўлиши мумкин. У билан биргаликда уч нафар аёл ва ироқлик эркак қўлга олинган.
Эслатиб ўтамиз, Истанбулдаги Reina тунги клубига Янги йил оқшомида қуролли ҳужум уюштирилган. Калашников автомати билан қуролланган террорчи клубни қўриқлаётган полициячини отиб ўлдирган ва клубдаги одамларга қарата ўт очган. Туркия ИИВ маълумотларига мувофиқ, ушбу теракт оқибатида 39 киши ҳалок бўлган, 69 нафар шахс яраланган. Рейтер агентлиги эса "Ислом давлати" террорчилик уюшмаси ушбу теракт учун жавобгарликни ўз бўйнига олганлигини хабар қилган эди.