ТОШКЕНТ, 16 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевга "Boing 747" юк самолёти фалокатга учраб, кўплаб инсонлар, жумладан, болалар ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик изҳор этди, деб хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
Душанба куни Туркиядаги авиакомпаниялардан бирига қарашли "Boeing 747" юк самолёти Бишкекдаги Манас аэропортидан бир неча километр нарида ҳалокатга учради.
Лайнер Дача-Суу қишлоғи яқинида қулаган. У Гонконг-Истанбул рейси бўйича парвоз қилган ва Бишкекда ёқилғи қуйиши керак бўлган.
Сўнгги маълумотларга қараганда, фожиа оқибатида 34 киши ҳалок бўлган. Ҳалокатга кўриш даражасининг ёмонлиги сабаб бўлган деган тахмин илгари сурилмоқда.
Содир бўлган воқеа сабабларини аниқлаш учун ИИВ ва ДМХҚ органлари ходимларидан иборат махсус ҳукумат комиссияси тузилди.