ТОШКЕНТ, 16 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида Молия вазирлигининг собиқ раҳбари Рустам Азимовни ҳам танқид қилди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
"Республика ҳукуматининг аксарият топшириқлари белгиланган муддатларни қўпол равишда бузган ҳолда бажарилмоқда. Иш сифати ҳам кўпгина ҳолларда оқсамоқда. Шундай бўлса ҳам, уларнинг ўзига ишончи осмон даражада баланд.
Нима учун бошқа идоралар раҳбарлари давлатнинг аниқ муаммоларини ҳал этиш бўйича малакали тавсия олиш ўрнига доим қоғозбозлик ва сансоларлик ҳолатлари, шунингдек айрим вазир ўринбосарларининг баланддимоғлиги ва қайсарликлари билан тўқнашишлари керак? ", деди президент.
Президентнинг сўзларига кўра, баъзида инсон қадр-қиммати ерга урилмоқда.
"Нима сабабдан инсон қадр-қиммати баъзан ерга урилади? Бунга ким ҳуқуқ берган? Нима учун Вазирлар Маҳкамасининг тармоқ департаменти мудири жиддий муаммолар бўйича юзаки тақдимот ўтказишни кунлаб ва ҳафталаб кутади, кейин эса ҳужжат қайта ишлашга қайтарилади? Нима учун бу жараёнларнинг барчасини штатдаги ёрдамчи эмас, балки чаласавод ва беандиша қабулхона инспектори белгилайди? Ўйлайманки, ана шундай оддий бўлмаган ва муҳим саволларга аниқ ва равшан жавоб топиш вақти келди", — дея таъкидлади давлат раҳбари.
Шу муносабат билан у бош вазир А.Ариповга ва янги вазир Б.Ходжаевга бир ой муддатда Молия вазирлигининг ташкилий тузилмаси, унинг вазифа ва функцияларини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича аниқ таклифлар киритишни топширди.
Мирзиёев, шунингдек, кадрлар билан ишлаш ҳолатини ҳам танқидий таҳлил қилиш зарурлигини, молия органларининг бутун тизимидаги раҳбар ва ходимларни аттестациядан ўтказиш кераклигини эътироф этди.
Ўзбекистон президенти молия вазирлигини 2005 йилдан 2016 йил декабрига қадар бошқарган Рустам Азимовнинг фаолиятини ҳам танқид остига олди.
"Ҳақиқий факт шундан иборатки, агар Р.Азимовда ана шу жиддий камчилик ва муаммоларни кўриш хоҳиши бўлганида, уларни кескин бартараф этиш бўйича у зарур ташаббус кўрсатганида, биз бугун иқтисодий ва молиявий соҳаларда бундан ҳам юқорироқ натижаларга эришган бўлар эдик. Такрор айтаман, фақатгина "ғалаба рапортлари" билан, шунингдек, муаммоларга умуман алоқаси йўқ, ўз орзу-истагидаги мавҳум нарсаларни ҳақиқат деб кўрсатадиган шахслар томонидан тайёрланган ахборотномалар билан чекланиб қолиш мумкин эмас", деди у.