ТОШКЕНТ, 16 янв — Sputnik. 14 январь куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мутасадди вазирлик ва ташкилот раҳбарларининг фаолиятларига танқидий баҳо берди.
Жумладан, давлат раҳбари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефт-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари Ғуломжон Ибрагимовдан қатор муаммолар бўйича изоҳ талаб қилди.
"Нима сабабдан, Ғулом Иномович, сиз илгари ўзингиз раҳбарлик қилган «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти тизимидаги ишлар аҳволига сусткашлик билан ёндашяпсиз? Нима сабабдан ушбу тармоқдаги ишлар доимий равишда издан чиқмоқда? Қишлоқ хўжалигига фосфорли ўғитларни тўлиқ етказиб бермаслик ва уларнинг танқислиги учун шахсан ким жавоб беради? Охирги 10 йилда минерал ўғитларнинг нархи неча баробар ўсган?
Табиий савол туғилади: ўғитнинг таннархи неча марта камайган? Афсуски, бундай ҳақли саволларга жавоб йўқ. Бундан ким зарар кўряпти? Албатта, деҳқон ва фермерларимиз", деди президент.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, "Ўзбекэнерго" АЖнинг бугунги фаолиятини қониқарсиз деб баҳолади.
"Ўзбекэнерго" акциядорлик жамиятида 67 минг киши, жумладан, қўштирноқ ичидаги "пул йиғувчи"лар мавжуд бўлса-да, нима сабабдан улкан дебитор қарздорликнинг тагига етиб бўлмайди? Кўмир қазиб олиш тармоғи, таъбир жоиз бўлса, "ёнбошлаганича ётибди".
Сизга уч йил олдин ходимлар штати ҳаддан ташқари кенгайиб кетган, жумладан, қариндошчилик асосида ишга олиш ва жуда юқори иш ҳақи белгилаш авж олган ўнлаб лойиҳа гуруҳлари фаолиятини пухта ўрганиб чиқиб, тартибга солиш топширилган эди. Нима учун топшириқни охиригача бажармадингиз?
Сиз ва сизга бўйсунувчи раҳбарлардан бугун ана шу саволларга жавоб беришингизни талаб қиламан", деди президент.