ТОШКЕНТ, 14 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ватан ҳимоячиларини Қуролли кучлар ташкил этилганининг 25 йиллик санаси билан муборакбод этар экан, ўз табрик нутқида Ўзбекистон Қуролли кучлар академияси қайта ислоҳ қилинишини таъкидлади.
Президент, ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринасини қайта ишлаб чиқиш зарурати ҳақида гапирган ва мутлақо янги Қуролли Кучлар академиясини ташкил этиш бу йўналишдаги биринчи қадам бўлиши даркорлигини маълум қилган.
Ҳарбий билим юртида ҳақиқатан ҳам таълим олишга муносиб, юксак ақл-заковат ва етакчилик қобилиятига эга бўлган ёшларни аниқлаш учун уларни ўқишга танлаб олишда талаб оширилиши мамлакатнинг ҳар бир регионида икки-учтадан коллеж ёки лицейлар барпо этилади. Ана шу коллеж ва лицейлар ўзларининг асосий вазифалари билан бирга, олий ҳарбий ўқув юртларига кирадиган ёшларни чуқур тайёрлаш билан ҳам шуғулланиши айтилмоқда.
Президент янги академия ҳарбий таълимнинг ягона тизимида ҳақиқатан ҳам асосий ўрин эгаллаши, том маънода ҳарбий илм-фан марказига айланишига ишонч билдирган.
Академияда лейтенантлар тайёрлаш, фаолият кўрсатаётган офицерлар малакасини ошириш ва шунингдек, армиямиз бошқарув таркибидаги қўмондонлик кадрларини махсус тайёргарликдан ўтказиш давом эттирилади.
Президент бу вазифани амалга ошириш учун таълим жараёнига энг янги усул ва технологияларни жорий этиш, ўқув аудиторияларини замонавий тренажёрлар, ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари ва компьютер техникаси билан жиҳозлаш лозимлиги ҳамда академия тингловчиларининг умумий маданиятини ошириш, уларнинг дам олиши ва спорт билан шуғулланиши учун барча қулай шароитларни яратилиши даркорлигини айтган.
Бундан ташқари, барча олий ҳарбий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари таркибини тайёрлаш, жумладан, уларнинг хориждаги етакчи олий таълим муассасаларида малака ошириш имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
"Жаҳонда ва минтақада вазиятнинг ривожланиш динамикасини ҳисобга оладиган бўлсак, вужудга келадиган хавф-хатар ва таҳдидларга муносиб зарба бериш зарурати, шунингдек, бизнинг устувор вазифа ва имкониятларимиз Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринасини қайта ишлаб чиқишни талаб этади", деган президент.
"Фақат ана шундай тизимли ёндашув биз учун миллий хавфсизликни таъминлаш соҳасида ягона, мувофиқлаштирилган ва изчил стратегияни ишлаб чиқиш, мавжуд ресурс ва маблағларни устувор мақсадларга йўналтириш, уларни беҳуда сарфламаслик, иккинчи даражали вазифаларга чалғиб кетмаслик имконини беради.
Президент қисқа муддатда уларнинг ташкилий тузилиши ва бошқарув тизимини такомиллаштириш, шунингдек, уларни замонавий техника ва қурол-яроғ билан таъминлаш бўйича комплекс тадбирларни амалга ошириш лозимлигини айтган.
Президент Ватан ҳимоячиларига байрам табригида Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслигини таъкидлади.