Ўзбекистон ҳудудида чет давлатлар ҳарбий база ва объектлари жойлаштирилмайди - Президент

© AFP 2023 / DAVID FURSTЧет давлат ҳарбийлари
Чет давлат ҳарбийлари - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
"Ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, Ўзбекистон ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий база ва объектларини жойлаштиришга йўл қўймаслик, ҳарбий хизматчиларимизнинг хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмаслик сиёсатига содиқ қолиш бундан буён ҳам мамлакатимизнинг принципиал позицияси бўлиб қолади", - деб таъкидлади Мирзиёев

ТОШКЕНТ, 14 янв — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табриги йўллади. Табрик матни Ўзбекистон Республикаси Президенти расмий сайтида тақдим этилган.

Танк Т-90 - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев Ўзбекистоннинг ўз ҳарбий саноат мажмуасини яратишни таклиф қилди
"Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари!

Қадрли юртдошлар!

Шу кунларда бутун халқимиз мамлакатимиз ҳаётидаги буюк тарихий санани байрам қилмоқда. Яъни, Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги юртимизда кенг нишонланмоқда.

Ана шу қутлуғ айём билан ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек энг улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни чин қалбимдан самимий табриклайман.

Бугун, мана шу шонли байрам кунида буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасига барчамиз яна бир бор ҳурмат бажо келтирамиз. Ўтган 25 йил давомида Қуролли Кучларимизни барпо этиш йўлида қўлга киритган беқиёс ютуқларимиз азиз Юртбошимизнинг номи билан чамбарчас боғлиқ эканини чуқур миннатдорчилик билан эсга оламиз.

Ўзбекистон ҳарбий хизматчиси - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон Қуролли кучларининг 25 йилигини кутиб олмоқда
Ўзбекистон мустақилликка эришган биринчи кунларда айнан Ислом Абдуғаниевич намоён этган принципиал позиция, сиёсий ирода ва азму шижоат туфайли миллий армиямизга асос солинди. 1992 йил 14 январда юртимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфига ўтказилди. Мана, 25 йилдирки, ана шу тарихий кун Қуролли Кучларимиз пойдевори қўйилган, истиқлолимиз солномасига олтин ҳарфлар билан ёзилган буюк сана сифатида байрам қилинмоқда.

Биринчи Президентимиз ўша оғир йилларда "Ўзининг буюк тарихи ва аждодларига муносиб ворис бўлган халқимиз мамлакат хавфсизлигини таъминлашга қодир армияни ярата олади", деб катта ишонч билан айтган эдилар.

Бугунги кунда ана шу улкан ишончга ҳар томонлама лойиқ бўлган Қуролли Кучларимиз ташкил этилганини барчамиз кўриб турибмиз.

Ҳақиқатан ҳам, тарихан қисқа муддатда мамлакатимиз мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, чегараларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армия барпо этилди, деб ғурур ва ифтихор билан айтишга бугун барча асосларимиз бор.

Собиқ Иттифоқ ҳудудида турли қуролли тўқнашув ва қарама-қаршиликлар юз бераётган ғоят мураккаб шароитда Ўзбекистон Қуролли Кучларига асос солингани, ҳеч муболағасиз айтиш мумкин, ёш давлатимизни қуриш жараёнида ҳал этилган буюк вазифалардан бири бўлди. Айнан миллий армиямиз мамлакатимизда эркин, озод ва фаровон ҳаёт бунёд этиш, демократик ислоҳотларни самарали амалга ошириш йўлида ишончли кафолат, тоғдек таянч бўлиб келмоқда.

Россия аскарининг янги кийими - Sputnik Ўзбекистон
Россия Ҳукумати Ўзбекистон билан Ҳарбий-техник ҳамкорлик шартномасини тасдиқлади
Албатта, мустақилликнинг илк йилларида барча соҳалар каби ҳарбий йўналишда ҳам кўплаб оғир муаммолар тўпланиб қолган эди. Аввало, қўшинларнинг моддий-техник таъминот тизими талаб даражасида эмас эди. Ҳарбий тузилмалар ўзининг қурилиши ва жанговар таркиби бўйича янги пайдо бўлган таҳдидлар олдида заиф эди. Энг мушкул муаммо — малакали ҳарбий кадрлар етишмасди. Шунинг учун миллий армиямизни барпо этиш ва ислоҳ қилиш бўйича ҳар томонлама чуқур ўйланган ва узоқ муддатга мўлжалланган стратегия ишлаб чиқилди.

Ўтган чорак аср давомида ана шу стратегия асосида, Миллий хавфсизлик концепцияси ва Мудофаа доктринаси доирасида кўп ишлар қилинди. Юз бериши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатлар театри ва унинг реал хусусиятлари, илғор хорижий тажрибалар ҳар томонлама ҳисобга олинди. Шу асосда ихчам, яхши таъминланган, юксак жанговар руҳга эга бўлган миллий армиямиз барпо этилди.

Қисқа муддатда ҳарбий округлар, чегара минтақалари, шунингдек, жанговар қобилиятга эга қўшин гуруҳлари, биринчи навбатда, мураккаб жанговар операцияларни амалга оширишга қодир бўлган Ички вазифалар корпуси ва Махсус операциялар бўйича кучлар ташкил этилди.

Бугунги кунда ҳарбий бошқарувнинг самарали тизими шакллантирилди. Қуролли Кучлар таркибида турли қўшинларнинг ўзаро мувофиқ ҳолда ва ҳамкорликда ҳаракат қилишини таъминлайдиган механизмлар фаолият кўрсатмоқда.

Ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизими принципиал жиҳатдан мутлақо янги асосга ўтказилди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида маҳаллий офицер кадрлар юртимиздаги ҳарбий хизматчилар умумий сонининг — шунга эътибор беринг — атиги 0,6 фоизини ташкил этарди. Офицерларни тайёрлаш эса учта ҳарбий билим юртида ва бор-йўғи учта ҳарбий мутахассислик бўйича олиб борилар эди. Амалга оширилган ишлар натижасида қўшимча равишда янги, замонавий учта ҳарбий таълим муассасаси ташкил этилди, курсантларни ўқитиш тизими эса кўп тармоқли асосда йўлга қўйилди.

Юқори бўғин қўмондонлик офицерларини тайёрлаш ҳамда мудофаа қурилиши соҳасида илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни амалга ошириш бўйича энг зарур вазифалар самарали ҳал этилмоқда. Бу борада айниқса 1995 йилда ташкил этилган Қуролли Кучлар академияси ғоят муҳим ўрин эгаллаб келмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев бир гуруҳ давлат хизматчиларини мукофотлади
Шунингдек, армиянинг асосий таянчи бўлган сержантлар корпусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сержантларни ўқитиш 2001 йилда илғор халқаро стандартлар асосида ташкил этилган сержантлар тайёрлаш мактабларида 26 та йўналиш ва мутахассислик бўйича олиб борилмоқда.

Қадрли дўстлар!

Мустақилликка эришганимиздан сўнг фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш тизимини ислоҳ қилиш бўйича ҳам улкан ишлар амалга оширилди. Бунинг натижасида жамиятимизнинг армияга бўлган муносабати тубдан ўзгарди.

Миллий армиямиз ташкил этилган дастлабки йилларда ҳарбий қисмларни ёш аскарлар билан тўлдиришда жиддий муаммолар мавжуд эди. Собиқ шўро тузумида армияда хизмат қилган катта авлод вакиллари яхши билади, ўша пайтда ҳарбий хизматни ўташ, айниқса, Ўзбекистон ёшлари учун оғир ташвиш ва машаққат эди. Чунки, юртимиз ёшлари асосан қурилиш батальонларига қора ишчи сифатида юбориларди.

Ҳарбий қисмлардаги носоғлом маънавий-руҳий муҳит, устав қоидаларига зид бўлган муносабатлар туфайли қанча-қанча навқирон йигитлар, ота-оналар жабр чеккани — булар ҳаммаси ҳақиқат.

Янги миллий армияни яратишда бундай салбий иллатларга мутлақо чек қўйиш керак эди. Шу мақсадда бир неча йиллар давомида изчил иш олиб борилди. Жумладан, муддатли ҳарбий хизмат бир йил этиб белгиланди, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий-маиший шароитлари, озиқ-овқат таъминоти тубдан яхшиланди. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, резервга бўшатилган ёшларнинг ишга жойлашиши ва олий ўқув юртларига ўқишга кириши билан боғлиқ имтиёзлар тизими белгиланди. Буларнинг барчаси ҳарбий жамоаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳит шаклланиб, ёшлар ўртасида ҳарбий хизматнинг нуфузи кескин ошишида муҳим омил бўлди.

Ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида фуқароларнинг сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташини назарда тутадиган ўзига хос ноёб тизим яратилди. Бу тизимда ёшлар нафақат зарур ҳарбий тайёргарликдан ўтади, балки жисмоний ва маънавий жиҳатдан чиниқади. Улар ўзларининг фуқаролик масъулияти, Ватан ҳимоячиси сифатидаги муқаддас йигитлик бурчини чуқур англаб, ўз юртига фидойи инсон бўлиб етишади.

Ўзбекистон армияси аскарлари - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон армияси: етти муҳр остидаги сир
Бугунги кунда миллий армиямиз минг-минглаб ўғлонларимиз учун чинакам мардлик, фидойилик, ҳақиқий ватанпарварлик мактабига айлангани, ҳеч шубҳасиз, шу йўлда эришган энг катта ютуғимиздир. Бу ҳақиқатни юртимиздаги барча ота-оналар, бутун халқимиз ғурур билан, миннатдорчилик билан эътироф этмоқда.

Ҳозирги кунда оналар ўз фарзандларини армияга кўзда ёш, юракда хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади, деб, юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатмоқда.

Оналар кўнглидаги розилик — бу бутун халқимиз қалбидаги розилик ифодаси, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Ҳурматли юртдошлар!

Миллий армиямиз ривожланиб бориши билан уни қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш бўйича ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қўшинлар замонавий ва модернизация қилинган ўқ отар ва оғир қуроллар, вертолётлар, самолётлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, автомобиль ва бронетехникалар, алоқа воситалари билан таъминланмоқда.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳарбий шаҳарчаларда замон талабларига жавоб берадиган ижтимоий-маиший шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда комплекс дастурлар амалга оширилмоқда. Ана шу дастурлар доирасида 15 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар оиласи уй-жой билан таъминлангани, айниқса, эътиборлидир.

Ўзбекистон ҳарбий хизматчиси - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбек армиясига чақирув янги қоидалар асосида ўтади
Ҳеч шубҳасиз, биз бу йўналишдаги тизимли ишларни келгусида ҳам изчил давом эттирамиз.

Мустақиллик йилларида Қуролли Кучлар устидан фуқаролик назоратини амалга ошириш бўйича самарали механизм ишлаб чиқилди. Бу механизм миллий армия фаолиятида очиқликни таъминлашда катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Шунингдек, ҳарбий қурилиш соҳасидаги сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ҳарбий хизматчилар ва чақирув ёшидаги фарзандларимизни тарбиялашга фуқаролик институтлари ва жамоат ташкилотларини кенг жалб этишда муҳим роль ўйнамоқда. Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича Олий Мажлис палаталари қўмиталари, Мудофаа вазирлиги ҳузурида 2012 йилда ташкил этилган Жамоатчилик кенгаши бугунги кунда Қуролли Кучлар билан фаол ҳамкорлик олиб бормоқда.

Буларнинг барчаси миллий армиямизни халқимизга, халқимизни миллий армиямизга янада яқинлаштиришдек ғоят муҳим мақсадга хизмат қилмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, Қуролли Кучларимизни барпо этиш, унинг жанговар қудратини ошириш йўлида фидокорона меҳнат қилган ҳарбийларимизга, шу эзгу ишга ҳисса қўшган барча юртдошларимизга чуқур миннатдорчилик билдираман.

Муҳтарам дўстлар!

Ҳозирги вақтда жаҳонда ва минтақамизда ҳарбий-сиёсий вазият кескин ўзгариб, миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бормоқда. Ана шундай ўта масъулиятли вазият ва ҳаётнинг ўзи эришган барча ютуқларимизни, шу билан бирга, йўл қўйган камчиликларимизни чуқур ва танқидий таҳлил қилишни барчамиздан талаб этмоқда. Шу асосда миллий армиямизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида пухта ўйланган ва изчил ҳаракатларни давом эттиришимиз даркор.

Ўзбек ҳарбийлари - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон суверенитетига раҳна солишга уринадиганларга қарши кескин зарба берилади
Биринчидан, миллий хавфсизлик каби ўта муҳим соҳани қонун талаблари асосида бошқариш самарасини ошириш бизнинг устувор вазифаларимиз қаторига киради. Афсуски, бу соҳадаги кўплаб ҳужжатларимиз ҳозирги давр талабларига жавоб бермаяпти.

Биз миллий хавфсизликни таъминлашда стратегик режалаштириш бўйича аниқ давлат тизимини барпо этишга объектив зарурат сифатида эҳтиёж сезмоқдамиз.

Ушбу тизимда доимо янгиланиб борадиган Миллий хавфсизлик концепцияси марказий ўринни эгаллаши шарт. Мазкур концепцияда Ўзбекистон ташқи сиёсатига хос мослашувчанлик ва очиқлик тамойиллари, бизнинг яқин қўшниларимиз билан конструктив муносабатларни ривожлантириш устувор вазифа экани акс эттирилиши даркор. Айни вақтда Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитети, халқимизни маданий-тарихий ўзига хослигини асраш бўйича қатъий кўрсатмалар белгилаб берилиши керак.

Шу муносабат билан муҳим бир ёндашувни яна бир бор таъкидлашни ўринли, деб биламан: ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий база ва объектларини жойлаштиришга йўл қўймаслик, ҳарбий хизматчиларимизнинг хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмаслик сиёсатига содиқ қолиш бундан буён ҳам мамлакатимизнинг принципиал позицияси бўлиб қолади.

Янгиликлар лентаси
0