ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. Россия Ҳукумати мамлакат президенти Владимир Путинга Россия ва Ўзбекистон орасида ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш ҳақидаги шартномани имзолашни таклиф қилди, деб хабар қилмоқда ҳуқуқий маълумотлар расмий портали.
"Россия Федерацияси Ҳукумати Мудофаа вазирлиги томонидан таклиф қилинган, Россия Ташқи Ишлар вазирлиги ва бошқа таалуқли муассасалар билан билан мувофиқлаштирилган ҳамда Ўзбекистон билан олдиндан келишилган Россия ва Ўзбекистон Ҳарбий-техник ҳамкорлигини ривожлантириш ҳақидаги шартнома лойиҳасини тасдиқлашга қарор қилди… Россия Федерацияси президентига ушбу шартномани имзолаш таклиф қилинсин”, — дейилган Россия Федерациясининг 2016 йил 18 ноябрида қабул қилинган 1208 сонли қарорида.
Ушбу шартнома мақсади – икки мамлакат орасида ҳарбий-техник соҳадаги ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, энг замонавий қурол-яроғ ва техника билан жиҳозлашни йўлга қўйиш, илмий-техник ва саноат-технологик ҳамкорликни ривожлантириш, ҳарбий ускуналарни таъмирлаш, замонавийлаштиришни йўлга қўйиш ва мамлакатлар ҳимоя қудратини кучайтиришдир.
Шартнома имзоланиши мамлакатларнинг таалуқли муассасалари орасида ҳарбий-техник соҳада алоҳида шартномалар имзолаш, маслаҳатлар ўтказиш ва керак бўлганда алоҳида мутахассислари ёллаш имконини беради.
Шартномани амалда тадбиқ қилиш Россия Ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича Федерал хизмати ва Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги зиммасига юклатилган.