ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Термизда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25-йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб "Аскар оналарини шарафлаймиз!" деб номланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Жаҳон" АА.
Вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Қобулова ва бошқалар Ўзбекистонда барпо этилган профессионал миллий армия сафларида хизмат қилиш, юрт тинчлиги, халқ осойишталигини таъминлашга ҳисса қўшиш ҳар бир йигит учун нафақат конституциявий бурч, балки юксак шон-шараф ишига айланганини алоҳида таъкидлади.
"Ўғлим Аброржоннинг муддатли ҳарбий хизматни аъло даражада ўтаётганидан фахрланаман, – дейди Бойсун туманидаги Мустақиллик маҳалласида истиқомат қилувчи Мавлуда Омонова. – Байрам арафасида аскар оналарига кўрсатилган бундай юксак эҳтиром ҳақида маҳалладошларимга ғурур билан сўзлаб бераман. Буларнинг барчаси учун Президентимиздан миннатдормиз".
Тадбирда ҳарбий қисмларда муддатли хизматни ўтаётган аскарлар учун яратилган шароитлар акс этган видеолавҳа намойиш этилди. Жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юқори натижаларга эришаётган бир гуруҳ аскар оналарига ҳарбий қисмларнинг ташаккурномалари топширилди.
"Байрам арафасида ўғлим Элёржон билан учрашиш хаёлимга келмаган эди, – дейди Термиз шаҳрининг Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи Муҳайё Абраева. – Даврага бир қучоқ гул билан аскар ўғлим кириб келгани мен учун кутилмаган совға бўлди. Она учун улуғ айёмлар арафасида фарзанди билан дийдорлашиш қандай бахт эканини фақат оналар билади. Бундай имкониятни яратиб берган тадбир ташкилотчиларига барча оналар номидан раҳмат айтаман".
Тадбирда Ўзбекистон тинчлиги, мамлакат сарҳадлари дахлсизлиги йўлида жасорат кўрсатган ҳарбийлар ва айни пайтда муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган аскар оналари шарафланди, уларга қимматбаҳо совғалар топширилди.