ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Ўзбекистонда маъмурий қамоқни ўтаётганларга нисбатан назорат ва текширувнинг техник воситалари қўлланилади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида"ги қонунга имзо чекди, деб хабар беради РИА Новости.
Ҳужжатга мувофиқ, махсус қабулхоналарда жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш учун "назорат ва текширувнинг аудиовизуал, электрон воситаларидан ва бошқа техник воситаларидан фойдаланилади, ушбу воситаларнинг рўйхати ҳамда улардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади".
Қонунда маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш жойлари, маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати асослари, уларнинг моддий-маиший ва тиббий-санитария таъминоти, уларнинг мажбуриятлари, махсус қабулхона маъмурияти ва ходимларининг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари кўрсатиб ўтилган.
Билдирилишича, мазкур қонун икки йилдан сўнг кучга киради. Бу давр ичида уни бажариш учун керакли моддий-техника базаси яратилади.
Ўзбекистонда маъмурий қамоққа олиш уч суткадан ўн беш суткагача, фавқулодда ҳолат режими шароитларида эса жамоат тартибига тажовуз қилганлиги учун ўттиз суткагача бўлган муддатга қўлланилади.
Республика қонунчилигига мувофиқ, ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган фарзанди бор аёллар, 18 ёшга кирмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларга нисбатан маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилмайди.