ТОШКЕНТ, 22 окт — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президенти в.б. Шавкат Мирзиёев мамлакат суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида Президент фармонини имзолади.
Жумладан, қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имконияти кенгайтирилмоқда.
Жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, жиноят ишларини тергов қилишнинг тезкорлигини ошириш доирасида:
жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга;
қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилмоқда.
Бундан ташқари, судга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилган тақдирда муқобил эҳтиёт чорасини қўллаш имконияти берилмоқда.