ТОШКЕНТ, 8 янв — Sputnik. Туркия полицияси 1 январ тунда Истамбулдаги тунги клубда содир бўлган теракт ким томонидан амалга оширилганини аниқлади, РИА Новости Daily Sabah хабарига асосан.
Нашр хабарига кўра, теракт Ўзбекистон фуқароси Абдулқодир Машарипов томонидан амалга оширилган. Террорчининг иккинчи исми Абу Мухаммед Хурасан бўлиб, у айни дамда бутун мамлакат бўйлаб қидирувда.
Дастлаб, ушбу мудҳиш терактда Қирғизистон фуқароси Яхё машарипов гумон қилинган эди, лекин полиция сўроғидан кейин унинг айби йўқлиги аниқланиб, қўйиб юборилган.
Эслатиб ўтамиз, Янги йил оқшоми "Калашников" автомати билан қуролланган террорчи Истамбулдаги Reina тунги клубига бостириб кириб одамларга қарата ўт очган эди. Туркия полицияси хабарига кўра, терактда 39 киши қурбон бўлган, 65 киши жароҳатланган эди. Қурбонларнинг 16 нафари чет эл фуқаролари бўлган.
Терактдан кейин террорчи клубнинг ошхонасига ўтиб, кийимини алмаштириб таксида қочиб кетишга муваффақ бўлган. Содир бўлган теракт учун жавобгарликни ИД ўз зиммасига олган эди.