Онасидан тортиб олинган гўдак она бағрига қачон қайтади?

© nuz.uzНилуфар Мамасаидованинг қизи
Нилуфар Мамасаидованинг қизи - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ҳозирда Нилуфарнинг адвокати Баҳром Исмоилов барча ҳужжатларни тайёрлаган бўлиб, бугун мазкур ҳолат юзасидан прокуратурага мурожаат қилади

ТОШКЕНТ, 6 янв — Sputnik. Ўзбекистонлик Нилуфар Мамасаидованинг полиция томонидан олиб қўйилган 1 ёшли фарзанди 12 кундан бери она меҳридан мосуво бўлган ҳолда касалхонада ётибди. Бу ҳақда Нилуфар Мамасаидованинг адвокати Баҳром Исмоилов Sputnik Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда айтди.

Адвокатнинг сўзларига кўра, полиция ходимлари аёлнинг фарзандини "ота-онаси йўқ қаровсиз бола" сифатида далолатнома тузиб, шифокорларга топширишган.

Шифокорлар дастлаб Нилуфарга ҳужжатлар билан келса болани кўрсатишларини айтишган, лекин аёл элчихона берган ҳужжат билан касалхонага келганида унга болани кўрсатишни рад этишган.

Воқеадан тўлиқ хабардор мустақил журналист Соҳиба Ҳайитбоева билан боғланганимизда у қизчанинг эмизикли эканлигини, ўн икки кундан буён онаси парваришига муҳтожлигини ва бу гўдакка салбий таъсир қилишини билдирди.

Нилуфар Мамасаидова қизи билан - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон элчихонаси қизи тортиб олинган аёлга ёрдам бермоқда

Соҳиба Ҳайитбоеванинг маълум қилишича, улар боланинг аҳволидан хабар олиш учун ҳаттоки таниқли врач Фарида Буранова билан бирга касалхонага келишган, бироқ касалхонадагилар врачга ҳам болани кўришга рухсат беришмаган.

"Элчихонамиз бир кунда керакли ҳужжатларни тайёрлаб берди. Улар бу ҳолат билан жиддий шуғулланишмоқда, — деди журналист. — Нилуфарнинг турмуш ўртоғи билан боғландик. У ҳам руҳан тушкунликда, Россияга келиб вазиятга ойдинлик киритай деса, бу мамлакатга кириш ҳуқуқи йўқ, боиси депортация қилинган.

Фарзанд уларга тегишли эканлигини исботловчи ҳар қандай далилни жўнатишга тайёр. Наҳотки фарзанднинг онасини аниқлаш шунчалар қийин бўлса. Нилуфар менга телефонида боласи билан тушган суратларни кўрсатди. Бу исбот эмасми? ДНК текшируви ўтказиб ҳам аниқлаш мумкин".

Соҳиба Ҳайитбоеванинг айтишича, ўша куни Нилуфар қизчасининг бурни оқиб қолгани учун касалхонага бормоқчи бўлган, лекин ҳужжатлари ўғирлангани боис касалхонага эмас, полицияга мурожаат қилган. Полиция маҳкамасидагилар эса унинг фарзандини тез ёрдам чақириб касалхонага жўнатиб юборишган, ўзини эса хонага қамаб қўйиб уч кун сақлаб туришган.

Ҳозирда Нилуфарнинг адвокати Баҳром Исмоилов барча ҳужжатларни тайёрлаган бўлиб, бугун мазкур ҳолат юзасидан Кунцево тумани прокуратурасига мурожаат қилади.

Журналистнинг айтишича, энг катта муаммо айни кунларда Россияда байрам таътили бўлганлиги сабабли аксарият муассасалар ишламаяпти ва айрим ҳужжатларни олиш кечикмоқда.

Нилуфар Мамасаидованинг аҳволи ҳам яхши эмас. Совуқ хонада уч кун қолиб кетгани, фарзандини эмизмагани боис ўзини ёмон ҳис қилмоқда. У айни пайтда Соҳиба Ҳайитбоева хонадонида.

Sputnik Ўзбекистон воқеалар ривожини кузатиб боради ва хабардор этади.

Янгиликлар лентаси
0