ТОШКЕНТ, 6 янв — Sputnik. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси шаҳар полициячилари томонидан бир ёшлик қизи тортиб олинган Нилуфар Мамасаидованинг шахсий маълумотларини тасдиқлади. Бу ҳақда аёлга ҳуқуқий ёрдам кўрсатаётган Баҳром Исмоилов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
"Ўзбекистон Республикаси элчихонаси ходимларига инсонийликлари учун катта раҳмат!", деб ёзади у саҳифасида.
Аввалроқ Москва шаҳар Кунцево ТИИБ ходимлари ўзбекистонлик Нилуфар Мамасаидованинг бир ёшли қизини тортиб олишгани ҳақида хабар берилганди.
Асли андижонлик бўлган Нилуфар икки йилдан буён Москвада яшайди. Унинг фарзанди Россияда туғилган. Қизи туғилганидан сўнг Нилуфарнинг турмуш ўртоғи депортация қилинган.
2016 йилнинг 25 декабрь куни Нилуфар ҳужжатлари йўқолганлигини билган. Шу куннинг ўзида Нилуфар Кунцево тумани ИИБга ҳужжатлари ўғирлангани юзасидан мурожаат қилган. Туман ИИБ ходимлари Нилуфар Мамасаидовага ёрдам бериш ўрнига боланинг аёлга тегишли эканига оид ҳужжатлар йўқлигини рўкач қилишиб, унинг қизини тортиб олишган ва аёлнинг ўзини уч кунга тергов изоляторига жойлаштиришган.
Айни пайтда бир ёшли қизча Москвадаги 1-шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида ётибди.