ТОШКЕНТ, 5 янв — Sputnik. Бугунги кунда автомобиль эҳтиёт қисмлари бозорида инсон ҳаёти учун хавфли бўлган жиддий таҳдид мавжуд. Бу кейинги пайтда бозорни шиддат билан тўлдираётган сохта эҳтиёт қисмлар муаммосидир. GM Uzbekistan АЖ сотувдан кейинги хизмат дирекцияси вакили Sputnik Ўзбекистон мухбирига сохта эҳтиёт қисмлар турлари ва улардан фойдаланган ҳайдовчилар қандай таваккалга қўл ураётганликлари ҳақида гапириб берди.
Ҳаёт учун хавфли
Экспертнинг сўзларига кўра, GM Uzbekistan компанияси автомобиллар ва уларга эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаради. У дилерлик марказларини барча эҳтиёт қисмлар билан таъминлайди. Компания мижозлар эҳтиёжини қондириш мақсадида йилига 120 минг дона кузов деталлари, жумладан йиғилган кузовлар ишлаб чиқаради.
"Бозор хусусиятларини инобатга олиб мижозлар мурожаатларини ўрганиб чиқдик ва кўп муаммолар бизнинг эмас, ишлаб чиқарувчиси номаълум бўлган хориждан келтирилган сохта эҳтиёт қисмлар туфайли пайдо бўлаётганини аниқладик. Табиийки, бундай эҳтиёт қисмлар сифат талабига жавоб беради ва ҳайдовчи хавфсизлигига таҳдид солади. Одатда сохта деталлар анча арзон нархда сотилади. Сотувчилар шу орқали харидорни чалғитадилар. Нархдаги тафовутга учган харидор виждонсиз сохта маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг қурбонига айланадилар", — деди суҳбатдош.
Автомобили учун арзон сохта эҳтиёт қисмни танлаган харидор ўз ҳаётини хавф остига қўяди, деб огоҳлантиради мутахассис. Бундан ташқари, унинг яқинлари ҳам хавфдан холи бўлишмайди. Шунинг учун компания ўз харидорлари ҳақида қайғуради ва шубҳали ишлаб чиқарувчиларнинг сохта эҳтиёт қисмлари билан боғлиқ хавфлардан огоҳлантиришни ўз бурчи деб билади.
Хасис икки марта тўлайди
Мутахассис сохта эҳтиёт қисмларни сотиб олган харидор аслида кўпроққа тушишини таъкидлади. Пул тежайман деб сифатдан воз кечиш асло мумкин эмас.
Масалан, бугунги кунда ҳақиқий капотнинг ўртача нархи дилерлик марказларида 800 минг сўм туради. Республика автобозорларида унинг сохтасини (харидор уларни фарқлай олмайди, лекин мутахассис бир қарашдаёқ унинг сифатсизлигини билади) 650 минг сўмга сотиб олиш мумкин.
"Биз синаш учун бир нечта сохта эҳтиёт қисмларни олиб кўрдик. Кузов деталларини ўрнатаётганда сервисдаги усталаримиз ўлчамини келтириш ва очиқ жойлар қолмаслиги учун уни ўрнатишаётганида анча тер тўкишди. Бундан ташқари, уни бўяш чоғида ҳам қийинчиликлар юзага келди. Бунга металнинг ва унинг сиртидаги қопламанинг сифатсизлиги сабаб бўлди. Харидор устанинг қўшимча ишлари учун ҳақ тўлашига тўғри келади. Дастлаб нархлардаги сезиларли бўлиб кўринган фарқ шу билан йўққа чиқади", — деди дирекция вакили.
Унинг фикрича, нархдаги тафовутга айнан сифатни пасайтириш орқали эришилади. GM Uzbekistanнинг оригинал кузов эҳтиёт қисмлари GM World жаҳон стандарти талабига жавоб берувчи чиримайдиган металдан тайёрланади. Республикага олиб кирилаётган сохта кузов деталлари эса мутлақо номаълум технология асосида арзон хомашёдан тайёрланади. Мамлакатга сохта маҳсулот олиб кирувчилар харидор ҳаётини хавф остига қўймоқдалар.
Сифатига жавоб берамиз
Экспертнинг билдиришича, сифатни назорат қилиш GMнинг барча компаниялари учун бир асрдан буён давом этиб келмоқда. Масалан, кузов эҳтиёт қисмлари тайёрланадиган металл сифати хомашё сотиб олинаётган пайтдаёқ текширувдан ўтади. Ўзбекистон автомобиль заводи машиналари зангламайдиган пўлатдан тайёрланади.
"Металл етказиб берувчилар GMнинг юқори талаби доирасидаги меъёрларга амал қилишади. Заводдаги ҳар бир ишлаб чиқариш босқичи сифат назоратидан ўтади. Агарда бирор етказиб берувчи томонидан сифат борасида нуқсонга йўл қўйса, у билан ҳамкорлик тўхтатилгани ҳақидаги ахборот компаниянинг барча корхоналарига тарқатилади. GM Uzbekistan ҳар уч йилда компания стандартлари бўйича ташқи аудитдан ўтади ва унинг натижасига кўра халқаро сифат сертификати берилади", — дейди мутахассис.
Сифатни назорат қилишнинг ички жараёнлари ҳам ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичида мунтазам равишда амалга оширилади. Кузов панелларини ишлаб чиқаришда пайвандлаш ва герметизацияга алоҳида аҳамият берилади. Махсус лабораторияларда ишлаб чиқариш жараёнида исталган детал конвейердан олинади ва сифат текширувидан ўтказилади. Кузов юзасига қоплама суртиш босқичи ҳам назорат остида бўлади. Буларнинг бари автомобилнинг ташқи таъсир ва чиришдан сақланишини таъминлайди. Барча жараёнлар GM Uzbekistan корхоналарида амалга оширилади ва назорат қилинади.
"Пайвандлаш чоғида сифат назорати лабораторияси вакиллари исталган детални, масалан, капотни олишлари ва унинг ташқи таъсирга чидамлилигини текшириб кўришлари мумкин. Ҳар бир кузов детали мана шундай текширувдан ўтади ва текширув натижасига кўра кейинги жараёнга ўтилади", — дейди у.
Хулоса ўрнида
Ташқи бозорга ҳам ана шундай сифатли эҳтиёт қисмлар чиқарилади. Компания ўз расмий дилерлик тармоғи орқали хориждаги истеъмолчилар эҳтиёжини мунтазам равишда қондириб келади. Бунда дилерлик тармоқларига бирорта нуқсонли эҳтиёт қисм етказилиши эҳтимоли мутлақо мавжуд эмас.
"ўйлаб кўринг. Соғлигимиз ҳақида гап кетганида биз сохта ёки арзон дори сотиб олиб даволаниш ҳақида ўйламаймиз. Ҳаёт масаласи эканлигини англаганимиз учун энг яхши шифокорни қидирамиз, сифатли дори учун қанча пул бўлса тўлашга тайёр турамиз. Автомобиль била нҳам худди шундай. Сизнинг автотранспортингиз ҳаётингиз ва соғлигингиз билан бевосита боғлиқ. Бунинг устига унда фарзандларингиз, яқинларингиз ва қариндошларингизни ҳам манзилга элтасиз. Бир марта арзон эҳтиёт қисм сотиб олиш истаги охир-оқибат сезиларли моддий ва руҳий йўқотишларга сабабчи бўлиши мумкин", — дейди суҳбатдош.