ТОШКЕНТ, 30 дек — Sputnik. Ўзбекистонда қарияларнинг тиббий-ижтимоий ҳолатини тубдан яхшилашга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини амалга ошириш учун 688,2 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Дастурни молиялаштириш учун халқаро молиявий тузилмаларнинг 108,7 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги кредит ва грант маблағларини жалб этиш кўзда тутилган, қолган қисми эса давлат бюджети ҳамда республикадаги тижорат банкларининг ҳомийлик ва кредит маблағлари ҳисобига молиялаштирилади. Мазкур дастурнинг амалга оширилиши давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев шу ҳафтада имзолаган ҳужжатларда ўз аксини топган.
Хусусан, Бухоро, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида кексалар, ногиронлар ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари учун 3 та янги санаторий қуриш ва уларни жиҳозлаш режалаштирилган. Бу қўшимча 50 мингдан зиёд пенсионер ва ногиронларнинг санатория муассасаларида бепул соғломлаштирилишини ташкиллаштириш имконини беради. Ушбу мақсадни амалга ошириш ишларига давлат бюджети ҳисобидан 13,5 миллиард сўм ажратилади.
Бундан ташқари уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз пенсионерлар ва ногиронлар саломатлигини яхшилаш учун 18 миллиард сўм ажратилади. Бу маблағ ҳар йил бу контингентга кирган 34 минг одамни санатория-даволаш муассасаларида бепул соғломлаштириш йўли билан саломатликларини яхшилашга йўналтирилади.
Шу билан биргаликда касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш учун 2,8 миллион кекса ёшдаги фуқароларнинг барчаси ихтисослаштирилган тиббий бригадалар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиши таъминланади. Шунингдек, бириктирилган патронаж ҳамширалари томонидан саломатликлари устидан доимий назорат орқали кекса ёшдаги фуқаролар орасида касалликлар профилактикаси чораларини кенгайтириш, 15,5 минг ёлғиз кексаларнинг турмуш сифатини ва турмуш даражасини уларга шахсий ижтимоий ходимларни бириктириш орқали ошириш режалаштирилган.
Кекса ёшдаги шахсларни уларга тўловсиз асосда даволаш ва соғломлаштириш учун республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларига 20 минг ва вилоятлардаги тиббиёт муассасаларига 215 мингдан зиёд, жами 178,9 миллиард сўм миқдоридаги ордерлар ажратиш кўзда тутилган.
Имконияти чекланган шахсларнинг турмуш сифати ҳам оширилади. Ҳар йил бу контингентга кирган 10 минг одамни жами 2,5 миллиард сўм миқдоридаги зарур протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари билан таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари ўзгалар парваришига муҳтож 4 минг нафар ёлғиз кексалар ва ногиронлар ҳар йил умумий миқдори 3,2 миллиард сўм бўлган асосий озиқ-овқатлар, гигиена воситалари билан таъминланади. Ўз навбатида, 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига санаторийларда ҳар йили соғломлаштириш курсидан ўтиш ўрнига йўлланманинг ўртача нархига тенг равишда компенсация олиш ҳуқуқи берилади.
Ҳужжатда ёлғиз ва кам таъминланган кекса фуқароларни умумий миқдори 6,4 миллиард сўм ҳажмидаги қишки кийим комплекти ва пойабзал, шунингдек қишга ғамлаш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ҳар йили таъминлаш кўзда тутилган.
Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида очиқ юракда жарроҳлик операцияларини ўтказиш учун умумий суммаси 9,7 миллиард сўм бўлган ҳудудлараро кардиохирургик марказлар яратилиши аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги муҳим қадамлардан бири бўлади. Туман (шаҳар)лардаги барча тиббиёт бирлашмалари ва муассасалари, шунингдек барча вилоятлардаги онкология диспансерлари умумий миқдори 108,7 миллион АҚШ долларига тенг бўлган тегишли замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланади.
Кексалар ва ногиронларнинг 23 та Саховат ва Мурувват уй-интернатлари моддий-техника базасини умумий миқдори 207 миллиард сўмга тенг ҳажмда мустаҳкамлаш ҳам юқоридаги чора-тадбирлар мажмуасига киради.
Экспертларнинг фикрича, ҳукумат томонидан мазкур чораларнинг амалга оширилишикекса ёшдаги одамлар, имконияти чекланган шахслар ва ёлғиз кексаларнинг турмуш шароитлари ва сифатини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга, манзилли ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва уларга кўрсатиладиган ёрдам турларини кенгайтиришга ёрдам беради.