ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Шоир Эркин Воҳидов 1966-2016 йилларда яшаб, ижод қилган хонадонда ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали маълум қилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда шоирнинг яқинлари, дўстлари, адабиётшунос олимлар иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари ва адибнинг оила аъзолари атоқли шоир қабрини зиёрат қилди. Шоир қабрига гул қўйилиб, хотирасига ҳурмат бажо келтирилди, Қуръон тиловат қилинди.
Ўзбек Миллий академик драма театрида эса Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди. Кечада Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодини ўзида акс эттирган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Маросимда Эркин Воҳидов севган ва унинг ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлардан иборат концерт намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Ниғматилла Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди.
Ўзбекистон президентининг "Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарорига кўра шоирнинг ўзбек тилида "Сайланма" асарлари, инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган шеърий тўпламлари нашр этилди, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида "Эркин Воҳидов ижодининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти" мавзуида илмий конференция ўтказилди, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил қилинди.