ТОШКЕНТ, 8 дек – Sputnik. 2016 йил охирида Ўзбекистон Халқ шоири, шу йилнинг 30 май куни оламдан ўтган Эркин Воҳидовнинг 80 йиллиги кенг миқёсда нишонланади. Бу ҳақдаги қарор Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида эълон қилинди.
Ҳужжатда атоқли шоир ва адиб, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшганлиги таъкидланади.
Қарорга кўра, Эркин Воҳидовнинг 80 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш доирасида унинг танланган асарлари ўзбек тилида, шунингдек, шеърий тўпламлари инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржимада чоп этилади. Бундан ташқари, шоирга ҳайкал ўрнатилади, унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильм тайёрланади.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Эркин Воҳидов ижодининг халқимиз маънавий ҳаётидаги роли ва ўрни» мавзуида илмий конференция ўтказилади.
Турли даражадаги таълим даргоҳлари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоирлар, ёзувчилар ва санъат намояндалари иштирокида учрашувлар ва адабиёт кечалари уюштирилади.
Республика театрларида Эркин Воҳидов асарлари асосида спектакллар қайтадан намойиш этилади.
Декабр ойининг охирги ўн кунлигида Ўзбек Миллий академик драма театрида Эркин Воҳидовнинг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий хотира кечаси ўтказилади.