ТОШКЕНТ, 28 дек — Sputnik. 2016-йилнинг 28-декабр куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Туркия Республикасининг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Аҳмет Башар Шенни қабул қилди, деб хабар берган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Вазир Элчининг ишонч ёрлиқлари нусхасини қабул қилди.
"Мулоқот давомида ҳозирги пайтда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда анъанавий дўстлик ва шерикчиликка асосланган ҳамкорликни ривожлантиришга имкон берадиган конструктив ва очиқ муносабат ўрнатилганлиги қайд этилди", — дейилади хабарда.
2016-йилнинг 17-18-ноябр кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия учрашувининг муваффақиятли якунлари бунинг яна бир бор исботидир. Шу нуқтайи назардан эришилган келишувларни амалга оширишга доир аниқ масалалар муҳокама қилинди.
Учрашувда бўлажак икки томонлама алоқалар, жумладан вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларни ўтказиш вақтлари ва мазмуни юзасидан фикр алмашилди.