ТОШКЕНТ, 27 дек — Sputnik. Ўзбекистондаги маданият ва истироҳат боғлари, майдон ва хиёбонларида Янги йил байрами тадбирлари бошланди, деб хабар қилмоқда "Жаҳон" АА.
Хабарда таъкидланишича, мустақиллик майдони, кўчалар, кўплаб боғлар кўзни қамаштиргучи ўйинчоқли зумрад арчалар билан безатилган.
Эслатиб ўтамиз, бу йил Ўзбекистоннинг Бош арчаси "Lokomotiv-Anhor" майдони маркази ўрнатилди. Баландлиги 26 метр, айланаси 7 метрдан ортиқ гўзал арчага минглаб шар ва ўйинчоқлар, камалакранг чироқлар зеб бериб турибди
Майдондаги саҳнада Ўзбек Миллий академик драма театрининг "Семурғ" томошаси болажонлар эътиборига ҳавола этилмоқда. Ранг-баранг концертлар, турли интеллектуал ўйинлар, қизиқарли томошалар байрамга янада шукуҳ бағишлайди. Улкан Қорбола, айиғу тулкичалар, эртак ва мултфилмлардаги қувноқ қаҳрамонларни ҳам айнан шу ернинг ўзида учратиш мумкин. Турли прожекторлар, ёритиш мосламалари, лазерли технологиялар, замонавий махсус бадиий эффектлар майдоннинг оқшомги кўринишига ўзгача мафтункорлик, сеҳр ва жозиба бағишлайди. Эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этасиз ўзингизни.