ТОШКЕНТ, 26 дек — Sputnik. Қаровсиз қолган болалар учун мўлжалланган президент совғалари Тошкентдан вилоятлар томон йўл олди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Президент совғалари республиканинг барча вилоятларидаги ва Қорақалпоғистонда жойлашган “Меҳрибонлик” ва “Мурувват” уйлари тарбияланувчилари, “SOS-Болалар қишлоқлари” ҳамда кам таъминланган оилалаларга тантанали шароитда топширилади.
"Бу йил умумий ҳисобда 11 мингта совғалар тайёрланган. Байрам совғаси ичида – 12 хил ўқув-қуроллари, 15 хил ширинликлар бор. Совғалар Ўзбекистон президенти номидан топширилади. 3,85 минг совға Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларига автотранспорт ёрдамида, 6,04 минг совға “Ўзбекистон Ҳаво йўллари” самолётилари билан 25-28 декабр кунлари еткизиб берилади”, — дейилган матбуот хизмати хабарида.
Анъанага кўра, Президент арчаси Тошкентда 29 декабр куни “Туркистон” санъат саройида бўлиб ўтади. Байрамда республиканинг етук артистлари болакайлар учун театр саҳналари, қўшиқ ва рақслар ижро этишади. Шунингдек болалар Қор бобо ва Қор қиз билан биргаликда ўйинлар ўйнаб, шеърлар ўқишади ва топишмоқларга жавоб излашади.