ТОШКЕНТ, 27 дек — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов таркибида Афғонистон президентининг иқтисодий масалалар бўйича катта маслаҳатчиси Ҳумаюн Қаюми ва Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокирдан Коргар бўлган афғон делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Учрашувда аввал бўлиб ўтган олий даражадаги ва бошқа икки томонлама музокаралар чоғида эришилган келишувлар доирасида Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари юзасидан батафсил фикр алмашилди.
Афғонистон раҳбарининг вакиллари икки мамлакат иқтисодиётининг етакчи секторлари раҳбарлари иштирок этган ва Тошкент шаҳрида ўз ишини ниҳоясига етказган савдо, транспорт ва энергетика бўйича Ўзбекистон-Афғонистон ҳукуматлараро комиссиясининг иккинчи мажлиси якунлари бўйича таассуротларини сўзлаб берди.
Таъкидланганидек, мазкур тадбир қўшма фаолиятнинг, жумладан, савдо, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ва ўзаро манфаатли инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишдаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилишга имкон берди.
Мулоқот давомида 2017 йилда бўлажак учрашувлар жадвали ва кун тартиби муҳокама қилинди.
Музокараларда Афғонистон элчиси Сайид Шаҳобиддин Тимурий иштирок этди.