ТОШКЕНТ, 25 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қора денгиз устида юз берган фожиа муносабати билан Россия президенти Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди. Ўзбекистон президенти авиаҳалокатда қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ўз ҳамдардлигини изҳор этди.
"Қора денгиз устида Ту-154 самолёти ҳалокатга учраши оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни оғир қайғу билан қабул қилдим. Менинг чуқур таъзиямни қабул қилишингизни ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлигимни етказишингизни сўрайман", — дейилади Ўзбекистон раҳбарининг мурожаатида.
Ўзбекистон халқи ҳам россияликларга ўз қайғусини билдирмоқда. Россиянинг Тошкентдаги элчихонасига гуллар келтиришмоқда ва ижтимоий тармоқларда ўз ҳамдардликларини изҳор этишмоқда.
Авиаҳалокат 25 декабр куни эрталаб Адлер аэропортидан бир неча километр нарида юз берди. Россия мудофаа вазирлигининг самолёти ҳавога кўтарилганидан бир неча дақиқа кейин радарлардан ғойиб бўлган. Бортида 92 киши бўлган самолёт қолдиқлари кейинроқ соҳилдан бир ярим километр наридан топилди.
Фожиа жойида қутқарувчи ва терговчилар иш олиб боришмоқда.