ТОШКЕНТ, 23 дек — Sputnik. Бугун Ўзбекистоннинг энг машҳур телебошловчи ва сухандонларидан бири Галина Мельникова ўзининг 80 ёшлик юбилейини нишонламоқда. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев унга "Ўзбекистон Республикаси Халқ артисти" фахрий унвонини бериш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Ўзбекистонлик тележурналист, Kultura.uz сайти асосчиси ва раҳбари Борис Бабаев Sputnik Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда Галина Мельниковани мазкур қўшалоқ айём билан қутлади.
Борис Раҳимовичнинг айтишича, у Мельникова билан "Ахборот" информацион дастурида 20 йилга яқин бирга ишлаган. Бу давр мобайнида Галина Мельникова ўз ишининг ҳақиқий устаси, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини йўқотиб қўймайдиган журналист эканлигини кўрсатган.
"Сухандонлик фаолияти билан бирга Мельникова турли кўрсатувлар бошловчиси сифатида ҳам ном қозонган. У — телевидениенинг бутун бир даври, уни бутун мамлакат танийди, севади ва ҳурмат қилади. Шунингдек, Галина Витальевна телевидениемиз учун рус ва ўзбек тилларида фаолият кўрсатувчи кўплаб шогирдларни етиштирган. Мельникова мактабини ҳурмат қилишади ва у ўзига хос бренд", — деди суҳбатдош.
Бабаевнинг фикрича, Ўзбекистон телевидениесининг омади келган, зеро у шифокор бўлишни истаган. Лекин охир-оқибат нафақат тележурналистга, балки бутун ўзбек телевидениесининг юзига айланди. Мельникова экрандаги ишини шифокорларга хос аниқлик, тартиб ва масъулият билан бажарди.
"У бевосита эфир устаси, телевидениедаги узоқ йиллик фаолияти давомида таниқли шахслар – республика раҳбарлари, космонавтлар, артистлардан ҳам, оддий инсонлар – сут соғувчилар, ҳайдовчилар, ишчилардан ҳам интервью олган. Галина Витальевна фахрий дам олишда бўлса ҳам, бир зум бекор ўтирмайди. Ёшлар билан машғулотлар ўтказади, давра суҳбатлари, семинарлар, анжуманларда иштирок этади, мастер-класс ва тренинглар олиб боради. У фаол ҳаёт кечиради ва ҳамиша иш билан машғул", — дейди Бабаев.
Бабаев касб сирларини ўргатгани учун Мельниковадан миннатдорлигини билдирди. Унинг атрофидагилар Галина Мельниковани нафақат тажрибаси, балки шахсий хусусиятлари учун ҳам ҳурмат қилишади. Машҳурлигига қарамасдан, у ҳамиша қатъий, босиқ ва асло манманликка берилмаган.
"Тошкент — телевидение ватани" фильмини суратга олаётганимда Мельникова ушбу фильм учун интервью берганди. Ўшанда у бевосита эфир – худди жангдаги каби, дея қизиқ фикр айтганди. Сени нима кутаётганини билмайсан ва шунинг учун воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёр туриш лозим. Шу нуқтаи назардан Галина Витальевнани доимо ҳужумга шай ҳақиқий жангчи деб аташ мумкин", — дейди журналист.
Бабаев Мельниковани юбилейи ва унга берилган "Халқ артисти" унвони билан қизғин табриклади ва узоқ-умр, фаровонлик тилади. Унинг айтишича, бу муносиб инсонга берилган муносиб мукофотдир.