ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Спутник Ўзбекистон мухбири берган маълумотларга кўра, Самарқанд вилояти Булунғур тумани 23-ўрта таълим мактабида иссиқлик таъминоти масаласи ўта чатоқ. Бошланғич синф ўқувчилари синфхоналарнинг совуқлиги туфайли мактабга бормай қўйган.
Мактабдаги аҳвол юзасидан изоҳ олиш мақсадида мактабдаги иссиқлик таъминоти учун масъул мутасадди раҳбарларни излашга киришдик.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот-хизмати вакилига ушбу савол билан мурожаат қилганимизда, у бу масала бўйича маҳаллий ҳокимиятга мурожаат этишимизни тавсия қилди. "Мактабларнинг қишки мавсумга тайёргарлик жараёнини ҳокимият назорат қилади", — дея қўшимча қилди у.
Шундан сўнг, Самарқанд вилоят Халқ таълими бошқармаси ва ундан сўнг Булунғур тумани Халқ таълими бўлими мудири билан боғландик.
Спутник Ўзбекистон нашрининг ушбу мурожаатидан кейин Булунғур тумани Халқ таълими бўлими мудири 23-мактабда бўлиб, синфхоналарда иссиқлик таъминоти қай даражада эканини шахсан кўздан кечирган.
"Синфхоналар иссиқлиги нормал ҳолатда. Паровой ишлаяпти. Синфхоналарга кечгача алоҳида печка қўшишга топшириқ бердим. Қўшимча чоралар кўрилади", — дея таъкидлади Спутник Ўзбекистон мухбирига Булунғур тумани халқ таълими бўлими мудири.
Эслатиб ўтмоқчимиз, 15 декабр куни Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев коллеж ўқувчиларининг давомати назоратсиз қолаётганини, мутасаддилар бу масалага алоҳида эътибор қаратишлари зарурлигини таъкидлаб ўтган эдилар. Фикримизча, нафақат коллеж ўқувчилари, балки мактаб ўқувчилари давомати ҳам қаттиқ назоратга олиниши керак.
Қолаверса, ўқиш самарадорлиги кўп жиҳатдан таълим муассасаларининг иссиқлик билан қай даражада таъминланганига боғлиқлигини унутмаслик муҳим.
Мактаблардаги қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати даражаси мутасадди раҳбарлар томонидан келиб тушган шикоятлардан кейин эмас, балки мунтазам текшириб борилиши тарафдоримиз.
Зеро, қишнинг аёзли кунларида синф хоналарда мўътадил ҳароратни яратиш билан бирга дарсларнинг тўлиқ ўтилишига эришиш, ва энг муҳими, болаларнинг соғлиғини асраш Сиз раҳбарларнинг, асосий вазифангиздир.