ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди қизларни алдов йўли билан хорижга жўнатиб, улардан жинсий қул сифатида фойдаланмоқчи бўлган Россия ва Ўзбекистон фуқароларининг иши кўриб чиқилди, деб хабар берди суддаги манба Sputnik мухбирига.
Рязан шаҳридаги уюшган жиноий гуруҳлардан бирининг аъзоси фоҳишалик қилишга мажбурлаб фойда олиш мақсадида Ўзбекистондан қизларни олиб келишни ўйлаб қолди.
"Ўйлаган ғоясини амалга ошириш учун Россия фуқароси, Рязандаги уюшган жиноий гуруҳ аъзоси, 36 ёшли Роман Савченко Самарқанддаги қариндоши, 39 ёшли Зулфия Баҳодированинг олдига келади. Аёл пул эвазига қурбонларни топиб беришга рози бўлади", — деди суд вакили.
Зулфия Баҳодирова Россияга бир неча марта чиқиб келади ва Самарқанддаги аёлларни Рязандаги юқори маош тўланадиган официант, сотувчилик ишларига жойлаштириб қўйишни таклиф қилади. Унинг бу таклифига уч нафар қизлар рози бўлишади ва уларга авиабилет сотиб олинади. "Замонавий қуллар"ни Россияга жўнатиш харажатларини ташкилотчилар ўз зиммаларига олишади. Қизлар эса кетган харажатни ишлаб узишлари керак бўлади.
Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати ходимлари тезкор-қидирув тадбири доирасида Самарқанд халқаро аэропортида ўзбекистонлик уч қизни Россияга олиб кетишга уринган Роман Савченкони Самарқанд-Москва рейси бўйича чегара назоратидан ўтаётганида қўлга олишди. Шунингдек, тезкор ходимлар мазкур жиноятни содир этишда шерик бўлган Зулфия Баҳодировани ҳам ушладилар.
Айбланувчилар судда ўз айбларига тўлиқ иқрор бўлишди ва қилмишларидан пушаймонликларини билдиришди. Суд ҳукмига кўра Роман Савченко Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми ("Одам савдоси")да кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва жазони умумий тартибдаги колонияда ўташ шарти билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Зулфия Баҳодировага ҳам худди шу модда бўйича уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.