ТОШКЕНТ, 16 дек – Sputnik. Россия президенти Владимир Путин 15 декабр кунри расмий ташриф билан Японияга келди. Бу ерда у Япония бош вазири Синдзо Абэ билан учрашиб, қатор масалалар бўйича музокара ўтказди.
Имзоланмаётган тинчлик шартномаси
"Агар кимдир бизни фақат иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишдан манфаатдор, тинчлик шартномасини эса иккинчи ўринга суриб қўйган деб ҳисобласа – бу нотўғри. Менимча, энг асосийси тинчлик шартномасини тузиш ҳисобланади, чунки у тарихий, ўрта ва узоқ муддатли истиқбол учун ўзаро ҳамкорлик учун шароит яратади. Бу биз учун ороллардаги фаолиятдан ҳам кўра муҳимроқдир", — деди Путин матбуот анжуманида деб хабар беради РИА Новости.
Тинчлик шартномасининг йўқлиги узоқ йиллардан буён Россия ва Япония муносабатларига соя солиб келмоқда. Япония 1855 йилда тузилган шартномага таяниб Итуруп, Кунашир, Шикотан ва Хабомаи оролларига даъво қилиб келади. Токио Россия билан тинчлик шартномасини имзолаш учун оролларни қайтариш талабини қўйган. Москва эса Жанубий Курил ороллари иккинчи жаҳон урушидан сўнг СССР таркибига кирганлигини ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга кўра Россияга тегишли эканлигини таъкидлаб келади.
Ўзаро виза тартиби енгиллаштирилади
Владимир Путин япон фуқаролари аждодлари қабрларини зиёрат қилишларини осонлаштириш учун виза тартибини енгиллаштириш масаласига тўхталди.
"Мен Жанубий Сахалин вилояти ва Хоккайдо ўртасида эркин чегарадан ўтиш тартибини киритишни таклиф қилдим",- деди у.
"Жаноб бош вазир кеча менга бу оролларга келишни енгиллаштиришни сўраган япон фуқароларининг мактубларини топширди", — деб қўшиб қўйди Путин.
Путинга "Шарқ гўзали" ёқди
Путин Нагато шаҳрида "Шарқ гўзали" деб номланувчи маҳаллий сакени тотиб кўрганлигини айтди ва уни кўп ичмаслик лозимлигини таъкидлаб қўйди.
"Кеча мен қайноқ булоқ — "Шарқ гўзали" деб номланувчи маҳаллий сакедан тотиб кўрдим, сизларга ҳам тавсия қиламан, лекин меъёрни билиш лозим", — деди Путин табассум қилиб.
Путин ва Абэ бир-бирларини "сен"лашди
Япония бош вазири Синдзо Абэ матбуот анжуманида Россия президенти Владимир Путин "сен"лаб мурожаат қилди ва Путин ҳам унга шу тарзда жавоб қайтарди.
"Яна бир марта хуш келибсизлар дейман, Россия президенти Путин, Владимир, ташрифингдан хурсандман", — деди Абэ.
Ўз навбатида, Путин ҳам Абэга норасмий, дўстона мурожаат қилди.
"Бу ер ажойиб жой. Синдзо, мени бу ерга таклиф қилганинг учун миннатдорман", — деди Путин.
"Тарихий пинг-понг"га чек қўйиш даркор
"Биз жаноб бош вазир билан суҳбатлашдик, Жанубий Курилнинг собиқ аҳолиси мактубларини ўқиб чиқдим. Бизнингча, бу ҳудудлар борасидаги тарихий пинг-понгни бас қилиш даркор. Япония ва Россиянинг туб манфаатлари якуний тартибга солишни талаб этади", — деди Путин матбуот анжуманида.
Таклифга таклиф билан
Владимир Путин Синдзо Абэга Россияга ташриф буюришни таклиф қилди.
"Япониялик ҳамкасбларимизга, шахсан жаноб Абэга меҳмондўстлик, самарали фаолият ва муҳокама қилинган масалалар бўйича конструктив ёндашув учун миннатдорлик билдираман. Жаноб бош вазирни ўзига қулай вақтда Россияга ташриф буюришини таклиф этаман", — деди Путин.