ТОШКЕНТ, 13 дек — Sputnik. Москва метрополитен полиция бўлими хабарига кўра 2016 йилда Москва метросида амалга оширилган жиноятлар бўйича 683 та мурожаат келиб тушган, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Полиция вакили айтишига қараганда, аслида жиноятлар умумий сони бундан 20%га кўп бўлиши мумкин, лекин ўтган йиллар билан солиштирганда жиноятлар сони кескин камайган.
"Охирги уч йил давомида киссавурликлар сони 2,5 баравар камайди", — деди Москва метрополитен полиция бўлими бошлиғи Владимир Микулин.
Микулин айтишига қараганда, жиноят содир этаётганларнинг аксарияти — бошқа шаҳардан келган Россия фуқароларидир. Охирги вақтларда жиноятчилар орасида Москва шаҳар ва Москва вилояти вакиллари сони ҳам ошмоқда.
Москва метрополитенида аксарият ўғирликлар марказий бекатларда ва ҳалқа йўли ичида содир бўлади:
Ҳалқа йўлининг "Парк Культуры" бекатидан "Таганская" бекатигача — йил бошидан буён 60та;
Серпуховско-Тимирязевская (зангори) йўналишининг "Савеловская" бекатидан "Чеховская" бекатигача бўлган қисмида — 36 та жиноят;
Замоскворецкая (яшил) йўналишининг "Театральная" бекатидан "Павелецкая" бекатигача бўлган қисмида, ҳамда Калужско-рижская йўналишининг "Третьяковская" бекатидан "Новые Черемушки" бекатига қадар — 26 тадан;
Полиция раҳбарининг сўзларига қараганда, метро бекатлари яқинида бўлган барча вокзал ва станциялар кучли назорат остига олинган.
Нашр хабарига кўра, йил давомида ўғирлик энг кучаядиган икки "мавсум" бор: 1 сентябр олдидан ва Янги йил байрами олдидан. Янги йил олдидан бошланадиган мавсум одатда 17 декабрдан 31 декабрга қадар давом этади.
Полиция вакилининг сўзларига қараганда транспортда ўғирлик амалга оширишнинг бир неча оммавий усуллари бор экан: "Жуфтлик" усули — киссавурлар икки киши бўлишади, биринчиси вагондан чиқишда кескин тўхтайди, орқадан чиқаётган одамлар сиқилади ва ўғриларнинг иккинчиси шу вақтда "мижоз"нинг чўнтагини тозалайди. Шунингдек ўғрилар орасида "кесувчилар" — сумка ва чўнтакларни кесиб ичидаги нарсаларни олиб кетадиган, "яширувчилар" - ўғирлик вақти қўлини плаш ёки бошқа кийим билан беркитиб иш қилувчилар ҳам учраб туришини айтди.