ТОШКЕНТ, 12 дек – Sputnik. 2017 йилда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги "Саломатлик-3" дастури доирасида туман шифохоналарини даволаш ҳолатлари бўйича молиялаш тизимини синовдан ўтказишни давом эттиради. Бу ҳақда Uzbekistan Today хабар бермоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда давлат туман шифохоналари беморлар учун ажратилган ўринлар сонидан келиб чиқиб молиялаштирилади. Дунёнинг аксарият давлатларида ҳам яқин-яқинларгача шундай тизим асосида иш юритилган. Бироқ, эндиликда, кўплаб давлатлар ўз шифохоналарини беморларнинг жорий сонига кўра молиялаштириш тизимига ўтмоқда. Бу шифохоналарни молиялаш учун ажратилаётган маблағлардан оқилона фойдаланиш ва даволаш сифатини ошириш имконини беради. Чунки маблағ аниқ беморга, унинг эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда ажратилади.
Ўзбекистонда Президентнинг "Соғлиқни сақлаш тизимини молиялашни такомиллаштириш ("Саломатлик-3") чоралари тўғрисида"ги қарори доирасида Жаҳон банки Халқаро тараққиёт Ассоциацияси молиявий ҳамкорлигида мазкур тизимни жорий этиш режалаштирилмоқда. Ҳозирги вақтда, Бешариқ, Олтиариқ, Қўштепа туман марказий шифохоналарида ушбу тизимни жорий қилиш бўйича тажриба ўтказилмоқда. Яқинда мамлакатда лойиҳа маслаҳатчилари Карл Кэррол ва Каролина Каланилар бўлишиб, натижаларни баҳолаш ва 2017 йил учун устувор вазифаларни белгилаш бўйича кўмак беришди.
Келаси йилда асосий эътибор ҳисоботлар ва маълумотлар тўплаш жараёнини такомиллаштиришга қаратилади ҳамда тизимни жорий қилиш ва унинг ишлашини таъминловчи дастурий таъминот тайёрланади. Шу билан бирга, Саломатлик ва тиббий статистика Институти билан ҳамкорликда шифокорларга янги услубда ишлаш технологиясини тезроқ ўзлаштиришларига ёрдам берувчи махсус курслар ташкил этилади.