ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Ғарбий Қозоғистон вилоятида йил бошидан буён 100дан зиёд вояга етмаган қизлар ҳомиладорлик бўйича рўйхатдан ўтказилган.
"Ғарбий Қозоғистон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотларига кўра, йил бошидан буён 15-18 ёшда бўлган 117 нафар қиз ҳомиладорлик бўйича рўйхатга олинган. Уларнинг 60 нафари болали бўлган, 10 нафари эса тиббий кўрсатма ёки ўз хоҳишига кўра, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатган", — дейилган Спутник Қозоғистон нашри томонидан тарқатилган хабарда.
Нашр, шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вояга етмаганлар ўртасида барвақт ҳомиладор бўлиш ҳолати олдинги йилдагига нисбатан камайганми-йўқми, аниқлик киритмагани ҳақида ёзган.
Ғарбий Қозоғистон ҳокимияти матбуот-хизмати эса, айни пайтда мутасадди давлат ташкилотлари аҳоли ўртасида турли акция ва тушунтириш тадбирларини ўтказиш ниятида эканини маълум қилган. Хабарда таъкидланишича, тушунтириш тадбирлари қай тарзда олиб борилиши ҳақида маълумот берилмаган.