ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Sputnik Қирғизистон мухбири Асель Минбаева ҳали туғилмаган боласидан қутулишни маъқул кўрган аёллар ҳақида шифокорлар фикрини билишга ҳаракат қилди. Саволларга акушер-гинеколог Илья Перегудов жавоб берди.
20 Феврал 2016, 15:56
— ЮНИСЕФ ўтказган тадқиқотлар, турмуш қурган уч аёлдан фақат биттаси контрацепция воситаларидан фойдаланишини кўрсатди. Бу — аёлларнинг қолганлари фарзандли бўлишни хоҳлайди, деганими?
— Бизнинг аёллар режалаштирилмаган ҳомиладорликдан ҳимояланишнинг ягона йўлини билишади, холос. Бу – аборт! Орал контрацептивлар ҳақида турфа миш-мишлар болалаб кетган. Аёлларимиз ўз қадди-қоматларини бузиб қўйишдан қўрқишади. Спирал ҳам кўпчиликка тўғри келмайди. Презервативдан фойдаланиш эса, эркак хоҳишига боғлиқ. Аммо аксарият эркакларга у ёқмайди.
— Статистик маълумотларга кўра, Иссиқ-Кўл вилоятидаги аёлларнинг ҳар ўттизтадан биттаси стерилизация қилинган. Шу ростми?
— Аёлларнинг ўзлари шундай илтимослар билан мурожаат қилишади. Айниқса, учинчи марта кесарча кесишни бошдан ўтказган аёллар. Чунки, навбатдаги ҳомиладорлик аёл учун ҳам, унинг фарзанди учун ҳам хавфли бўлиши мумкин. Ҳа, аёлларнинг стерилизация қилиниши рост. Европада энг кенг тарқалган конрацепция воситаси нима, биласизми? Эркаклар стерилизацияси.
— Бундан кейин бир умр фарзанд кўрмай ўтиш мумкин-ку, ахир?
— Муҳими, бу ишончли. Истак бўлса, ЭКО йўли билан ҳам фарзандли бўлиш мумкин.
— Ўз ҳомиласини йўқотишни истаган аёллар ҳаракатини қандай баҳолайсиз?
— Аёл киши ҳомилани турли сабабларга кўра олдириши мумкин. Мижозларим орасида, бой-бадавлат бўла туриб, туғишни хоҳламаганлари ҳам кўп: улар карьера қилишни ёки ўқишни давом эттиришни хоҳлашади. Олти нафар фарзанди бор мижозларим ҳам абортга келади, еттинчисини боқиб олишга имкон йўқ уларда.
— Фильмларда шифокорлар кўпинча аёлларни болани туғишга кўндиришади. Ҳаётда ҳам шундайми?
— Йўқ. Мен шахсан ҳеч кимни кўндирмайман. Аёл киши ҳеч қачон ўз боласини шунчаки олдиришга қарор қилмайди. Бу жуда оғир, бу бир умрлик жароҳат. Аёллар ростдан ҳам узоқ иккиланишади, улар бир эмас, бир неча марта эшигимдан қайтиб кетишган вақтлар ҳам бўлган. Менимча, кутилмаган, оч-яланғоч боладан кўра, аборт яхшироқ.
— Аёллар абортга бир ўзлари келишадими ёки турмуш ўртоқлари билан?
— Илгарилари эркаклар аксарият ҳолларда ўз аёлларини қўллаб-қувватлаш учун келишарди. Қўнғироқ қилишарди, ҳавотир олишарди. Ҳозир эса мижозларимиз кўпдан-кўп ҳолларда абортга ёлғиз келадилар.
— Эмбрион аборт вақти нимани ҳис қилади?
— Мен бу ҳақда ўйламасликка ҳаракат қиламан. Қисқа қилиб айтганда, эмбрион кўпинча бўғилишдан нобуд бўлади.
— Уй шароитида ўз ҳомиласидан қутилмоқчи бўлган аёллар ҳақида кўп эшитганман. Мисол учун, аёлларнинг аксарияти иссиқ ванна қабул қилар экан. Сиз ҳам бу каби ҳолатларга дуч келганмисиз?
— Йўқ. Аммо қари кампирларнинг олдига борадиган аёллар кўплиги рост. Ўшда қандайдир бир ертўлада аёлларни ҳомиласидан халос қиладиган шундай кабинет борлиги ҳақида эшитгандай бўлдим. Аммо бу жуда хавфли иш. Чунки, организмда қолиб кетган тўқималар баъзан чиришни бошлайди. Оқибатда, бу иш — маткани олиб ташлаш, ва ҳатто, ўлим билан якун топиши мумкин.