Морг раҳбари билан очиқ суҳбат

Oбуна бўлиш
Патологоанатомларни қандай касалликлар ажаблантиради, морг ходимларига нима учун инсон органларини ўғирлашдан фойда йўқ?.. Sputnik Қирғизистон мухбири Асал Минбаева ана шу саволларга жавоб олишга ҳаракат қилди.

ТОШКЕНТ, 20 фев — Sputnik. "Мени суратга олишнинг кераги йўқ!" — Республика патологоанатомия бюроси раҳбари Валентина Пахманнинг овози ҳеч қандай эътирозга ўрин қолдирмади. Аммо, у ўз касби ҳақида гапиришга, бажонидил рози бўлди. Манба: Sputnik Қирғизистон.

— Бу ерга қандай келиб қолдингиз? Аёл киши терапевт ёки педиатр бўлишни орзу қилишини тушунаман. Аммо патологоанатом бўлиши?!

— Мурдани ёриб кўришни орзу қиладиган аёлга — у руҳий хаста, деб ташҳис қўйиш мумкин. Бундайлардан юз чақирим нарида юринг. Руҳан соғлом инсон ҳеч қачон мурдани ёриб кўришни хоҳламайди. Аммо, шукрки, ишхонамиздаги барча ходимлар, бу ерга, тасодиф туфайли келишган.

Баъзи бирлари клиникаларда ишлаган, нимадир бўлиб, бу ерга келишга мажбур бўлган. Мен эса туманга ишга юборишларини хоҳламаганим учун, шу соҳага ишга ўтишга мажбур бўлганман. Собиқ Иттифоқ даври эди, турмушга чиқмагандим. Баткенга бориб ишлашни хоҳламасдим. Фақат патологоанатомга шаҳарда қолишга рухсат берилганди. Шу боис, бу ерга келганман. Мурдаларни ёриб кўришни орзу қилмаганман. Нимаики бўлса ҳам, шаҳарда ушланиб қолишни хоҳлаганман, холос.

— Биринчи марта жуда қўрққан бўлсангиз керак?

— Олдиндан айтиб қўяй, мурдани ёриш, бизга завқ бағишлайди, деб ўйлайдиганлар, қаттиқ янглишишади. Биз учун ташҳис қўйиш муҳим.

Биринчи вақтларда моргга киганимда, санитарлар мурдага кийим кийдираётган бўлишарди. Мен даҳшатга тушардим. Ахир у мурда-ку! Мурдалар яланғоч ҳолда ётади, деб ўйлардим-да.

Бизни бу ишга аста-секинлик билан ўргатишди. Бошида, ўлган одам танаси билан университетга юборишарди. Мурдани синчковлик билан ўрганишимиз учун. Ўқишдан кечки тўққизларда қайтар эдим, 80 фоиз вақтимни мурда билан бирга ўтказардим. Уни ўрганардим. Менга беришган ўша биринчи мурдани йигирма беш йилдан кейин, минглаб мурдалар орасидан ҳам ажратиб ололаман. У менга, бошқа мурдалардан кўра, яқинроқ бўлиб қолган. Дўстларимни таний олмаслигим мумкин, аммо биринчи мурдамни таний оламан.

— Сиз жуда қаттиққўл аёлдек таассурот уйғотасиз. Одамларга раҳмингиз келган вақтлар ҳам бўладими?

— Албатта, жуда ҳам раҳмим келади. Билсангиз, биз шифокорлардан кўра раҳмдилроқмиз. Баъзан тўғри ташҳис қўйдириш мақсадида, қўл ёки оёқни ёришга тўғри келади. Биз бу ишни хоҳламай амалга оширамиз…

— Ўликхонага келтирилган мурдалар орасида, жуда ҳам раҳмингизни келтирганлари бўлганми?

— Ҳа. Бизга туғруқ вақтида ўлган бир аёлни олиб келишган эди. Унда юрак нуқсони касаллиги бўлган. Туғруқ вақтида аҳволи жуда ёмонлашган, қутқариб қолишнинг иложи бўлмаган. Чақалоқ эса соғлом туғилган. Унга ҳамма – ҲАММА –  ҳомиладор бўлиш мумкин эмаслигини айтган экан. Аёлнинг ўзи ҳам анча вақт ҳомиладор бўлолмай юрган. Даволанган, шифохоналарга тинмай қатнаган, ва ниҳоят, ўз мақсадига эришган. Аммо, орзуси амалга ошгач, ҳаётдан кўз юмди. Мен у аёлга жуда ҳам ачиндим. Негаки, у аёлга, фарзандини кўриш насиб қилмади.

— 2006-йилда касалхонада ҳаётдан кўз юмган беморни қариндошлари, у ёриб кўрилмасдан туриб, олиб кетишлари мумкинлиги ҳақида қонун чиқди. Бундан қандайдир ўзгариш бўлдими?

— Бу қонун туфайли ҳамма нарсани бой беряпмиз. Шифокор ўз меҳнати натижасини кўриши керак. Ҳатто, сантехник ҳам, у қувурни созлаганидан кейин, ундан сув оқяптими-йўқми, билишни хоҳлайди.Шифокорлар эса ҳозирда, барибир олиб бориб кўмишади, шундай экан, қандай даволашнинг нима аҳамияти бор, деган хулосага келиб қўйишган.

Бунинг натижасида, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси пасайиб кетди. Илгарилари, мурдалар юз фоиз ёриб кўриларди, ҳозир эса ҳар ўнтадан биттаси. Номини айтишни хоҳламайман, ўтган йил шаҳримиздаги касалхоналарнинг бирида ўлган беморларга юз фоиз ҳолатда, нотўғри ташҳис қўйилганини билдик.

Яъни, ҳар бир ёриб кўрилган одам, шифокор қўйган ташҳисдан вафот этмаган.

— Наҳотки, буни мурданинг қариндошлари тушунишмаса? Ёки бу ҳақда уларга ҳеч ким ҳеч нарса айтмайдими?

— Назарий томондан олиб қараганда, ўлган одамнинг қариндошларини, мурдани ёриб кўришга кўндиришга ҳақлиман. Аммо ҳеч қачон бунинг уддасидан чиқа олмаганман. Уларга сўзлаган оташин нутқимдан сўнг, улар менга нима дейди биламизми?

Уларнинг ҳаммаси бир хил гапни айтишади:

"Келинг, менга ҳозир мурдани ёрмасдан берасиз, соғлиқ муҳофазаси билан эса, кейин шуғулланаверасиз".

Мурдани, у ёриб кўрилмасидан туриб, касалхонадан олиб кетаётганлар эртага ёки индин клиникага тушадиган бошқа бир тирик одамга ўлимга маҳкум қилишаётганини тушунишмайди. Мурда ёриб кўрилса, у нимадан вафот этганлиги ўрганилса, бундан шифокорлар хулоса чиқариб, эртага кимнидир қутқаришга муваффақ бўлардилар, эҳтимол. Аммо бу ҳеч кимга қизиқмас…

— Мурданинг яқинлари ҳақиқатни билишни истамасликларини қандай изоҳлайдилар?

— Ҳар хил. “У ўзи ҳаётда жуда қийналган”, “Мусулмончиликка тўғри келмайди…”, “Бу нимани ўзгартиради…”

Балки, сиз бу билан эртага ўз набирангизни қутқарарсиз! Аммо, бу ҳеч кимга қизиқмас. Шу пайтгача икки кишини кўндиришга муваффақ бўлдим. Ҳеч кимни кўндира олмадим, деб  ҳисоблайверинг.

— Балки улар сиз бирор органни олиб қўйишингиздан қўрқишар?

— Биз, ёриб кўриш жараёнига бегоналарни киритамиз. Аммо, қариндошлар учун бу керак эмас. Сабаби, яқин инсонни бундай аҳволда кўришга, ҳамманинг ҳам юраги дош бермаслиги мумкин.

Одамларнинг ўзлари биздан ёриб кўриш вақтида иштирок этишга рухсат сўрашган вақтлар бўлган, биз ҳеч кимга рад жавобини бермаганмиз.

— Морг ходимлари ўлган одамларнинг тана аъзоларини сотишлари ростми?

— Ўлган одамларнинг тана аъзоларини? Нима учун?

— Тирикларга кўчириб ўтказиш учун… Буйраклар, жигар дегандек…

— Инсон таънасини кўчириб ўтказиш нима дегани ўзи, биласизми? Инсон органлари юрак уриб турган вақтда чиқариб олиниши лозим. Ҳеч бўлмаганда, юрак уришдан тўхтаган вақтдан икки дақиқа ўтгач. Трансплантологлар, ҳатто, бу ҳақда таъкидлайдилар. Одам ўлганидан кейин икки соат ўтгач, органни олиб бўлмайди, у чирик материал ҳисобланади.

— Патологоанатомлар учун моргда тушлик қилиш табиий ҳол эканлиги, ростми?

— Бизлар оддий одамлармиз. Тушлик қилиш учун кабинетимиз бор. Аммо, гаров ўйнасак, масалан, юз долларга, ҳозироқ моргда тушлик қилишга розиман!

— Ҳидларга қандай кўникдингиз?

— Бизда бадбўй ҳид йўқ. Танадан одам ҳиди келади. У икки соат олдин жонлантириш бўлимида ётган. Фарқи шундаки, ўшанда у нафас олган, ҳозир эса — йўқ. Клиникаларда ҳидлар ёмон бўлади. Бизда эса ҳаммаёқ тоза, четдан қараганда, стерилдек таассурот уйғотади.

— Билишимча, сизларда кадрлар етишмовчилиги катта муаммо. Нима учун ёшлар сизларга ишга келмайди?

— Чунки маош оз. Иш ўрганиш учун эса узоқ ўқиш керак. Олийгоҳни тамомлагандан кейин ҳам, беш йил иш ўрганишга тўғри келади.

Мурдани ёриш қийинмас. Ташҳис қўйиш, барча касалликларни ёд олиш қийин. Ҳатто, жарроҳлар орасида ҳам ҳамма нарса қўлидан келадиганлари йўқ. Биздан эса жуда катта ҳажмдаги информацияни билиш талаб этилади.

Мен 20 йилдан бери шу соҳада ишлаб келаман. Барибир, мураккаб, нотаниш ҳолатларга дуч келадиган вақтларим бўлади. Баъзан, мендан кўра тажрибали ҳамкасбларим олдига югуришимга тўғри келади. Шундай қиламан ҳам, эриниш ёки уялиш деган тушунчалар менда йўқ. Жамоамиз билан биргаликда, галалашиб, ташҳис қўйган вақтларимиз ҳам бўлган.

— Агар ўтмишга қайтиш имкони бўлганида, ҳаётингизни ўзгартирган бўлармидингиз? Бошқа касбни танлармидингиз?

— Ҳеч нарсани ўзгартиришни хоҳламасдим. Ўз мутахассислигимни топганимдан, хурсандман.

Янгиликлар лентаси
0