ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Ўзбекистон Респуликаси Марказий сайлов комиссияси расмий сайтида Ўзбекистондаги президент сайловлари натижалари эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг натижаларига кўра, Сарвар Садуллаевич Отамуратовни ёқлаб 421 минг 55 нафар сайловчи ёки овоз беришда иштирок этган сайловчилар умумий сонининг 2,35 %и овоз берган, Шавкат Миромонович Мирзиёевни ёқлаб 15 миллион 906 минг 724 нафар сайловчи ёки овоз беришда иштирок этган сайловчилар умумий сонининг 88,61 %и овоз берган, Хатамжон Абдурахмонович Кетмоновни ёқлаб 669 минг 187 нафар сайловчи ёки 3,73 %и, Наримон Мажитович Умаровни ёқлаб 619 минг 972 нафар сайловчи ёки 3,46 % сайловчилар овоз берган.
Шундай қилиб, натижаларга асосан 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев ғолиб чиққан.
"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фуқароларимиз ўзининг юксак сиёсий савияси ва фуқаролик поцизиясини ҳамда Ватанимиз тақдирига дахлдорлик туйғусини намойиш этиб, овоз беришда фаол иштирок этдилар", — деб таъкидлаган Марказий сайлов комиссияси раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов.