ТОШКЕНТ, 5 дек – Sputnik. Президент сайловида ғалаба қозонган Шавкат Мирзиёев қисқа нутқ сўзлади. Мирзиёев ўз нутқида сайловолди дастурига киритилган барча вазифалар бажарилишини билдирди. У Ўзбекистон халқига фаровонлик, тинчлик ва бахт-саодат тилади.
"Сайлов улкан сиёсий фаоллик билан бўлиб ўтди. Ўтган 25 йил давомида кўплаб ишлар амалга оширилди, биз кўплаб муваффақиятларга эришдик. Мени қўллаб-қувватлаган Ўзбекистон халқига миннатдорлигимни билдираман. Бу рақамлар менга катта масъулият юклайди. 88 фоиз овоз олиш осон эмас, лекин одамлар менга ишонч билдиришди. Асосийси — халқ ишончини оқлаш!", — деди Ўзбекистоннинг янги Президенти.
У сайловолди дастури халқ хоҳишини инобатга олган ҳолда тузилганлигини билдирди.
Сўзи охирида Шавкат Мирзиёев сайлов кузатувчиларига миннатдорлик билдирди.
4 декабр куни бўлиб ўтган сайловда Шавкат Мирзиёев учун сайловчиларнинг 88,61 фоизи (15,906 млн киши) овоз берди.
Номзодлар – Ҳатамжон Кетмонов учун сайловчиларнинг 3,73% (669 000 киши), Наримон Умаров учун 3,46% (619 000 киши) ва Сарвар Отамуратов учун 2,35% и (421 мингдан ортиқ киши) овоз берган.
Маълумотларга кўра, овоз беришда 17 миллион 941 минг 955 нафар фуқаро иштирок этди. Бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 87,83 фоизини ташкил этади.